3- сектор раҳбари Янгибоғда сайёр қабул ўтказди
Жиззах
вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Бахмал туманининг
Янгибоғ маҳалласи аҳолиси билан мулоқот қилди. Сектор раҳбари қабул аввалида
янгидан бунёд этилган маҳалла фуқаролар йиғини биносида давлат хизматчилари
учун яратилган шароитлар билан танишди.
Таъкидлаш жоиз, шу йилнинг август ойида ҳудудда “Обод хонадон”, “Обод
кўча” ва “Обод маҳалла” лойиҳаси доирасида кўламли бунёдкорликлар амалга
оширилди. Янгиланишлар жараёнида ичимлик суви ва электр таъминоти яхшиланди. Кўчалар
кенгайтирилиб, бетон ва асфальт ётқизилди, айрим кўчалар шағаллаштирилди. Тунги
ёритиш чироқлари ва кузатув камералари ўрнатилиб, ижтимоий соҳа объектлари
тўлиқдан таъмирдан чиқарилди. Вилоят ИИБ бошлиғи туман ҳокими ва масъуллар
билан бирга муассасада юзага келтирилган қулайликларни кўздан кечириш асносида
мавжуд имкониятдан самарали фойдаланиш, фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида ҳал
этиш чораларини кўриш лозимлигини таъкидлади.
Сайёр қабулда фуқаролар ўзларини қийнаб келаётган муаммоларини ҳал
этишда сектор раҳбаридан ёрдам сўрашди. Хусусан, йўл белгилари ўрнатиш, яшаш
уйини номига расмийлаштириш, кўчани шағаллаштириш каби масалаларга мутасаддилар
иштирокида ечим изланди. Шунингдек, саломатлигини тиклаш учун моддий ёрдам
олиш, кўчаларни тунги вақтда ёритиш, олий таълим учун шартнома тўловини амалга
ошириш учун кўмак зарурлиги баён этилди.
3- сектор раҳбари қабул давомида кўтарилган масалаларни ҳал этиш бўйича
масъулларга топшириқлар бериб, ижросини назоратга олди.
Тадбир давомида 10 яқин янгибоғликларга маиший техникалар ҳамда ўзини
ўзи банд қилиш учун 4 нафар хотин-қизларга субсидия асосида тикув мошиналари топширилди.
Савдо саноат палатаси томонидан касбга ўқитилган 8 кишига эса сертифкат
берилиб, бир гуруҳ ташаббускор ёшлар эса вилоят ички ишлар бошқармаси
бошлиғининг фахрий ёрлиғи ҳамда совғалари билан тақдирланди.