3- сектор раҳбари Нурафшонда сайёр қабул ўтказди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Зафаробод туманининг Нурафшон шаҳарча фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказди. Ҳудуд аҳолиси ва ёшлар иштирокида ташкил этилган мулоқот аввалида 5 нафар фуқарога дори-дармон, “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган 2 нафар аёлга субсидия асосида тикув машиналари, эҳтиёжманд оилалар вакилларининг 4 нафарига иситиш печлари топширилди. Шунингдек, “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган 2 кишининг даволаниш харажатлари қоплаб берилиб, 4 нафарига бир марталик моддий ёрдам ажратилди. Бундан ташқари 5 нафар фаол ёшлар Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
3- сектор раҳбарининг сайёр қабулида фуқаролар томонидан электр ва табиий газ таъминотини яхшилаш, нафақа миқдорини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, турар жой таъмири, уй қуриш учун ер майдони ажратиш, уй билан таъминлаш, даволаниш учун моддий ёрдам ҳамда тикув машинаси олишга оид мурожаатлар баён қилинди.
Ўз навбатида 3- сектор ишчи гуруҳи томонидан ушбу муаммоларга ечим топиш чоралари белгиланди. Чунончи, Қурол Тошевнинг Тинчлик маҳалласига электр трансформатори ўрнатишга оид сўрови асосида шу куниёқ маҳаллага борилди ва масалани ҳал қилиш учун тегишли корхона вакиллари жалб қилинди. Худди шундай сайёр қабулда ишга жойлашиш ҳамда турар жойини таъмирлаш юзасидан мурожаат қилган нурафшонлик Лобар Мирзаеванинг хонадонида бўлиниб, тез кунларда ёрдам кўрсатишга келишиб олинди. 3- сектор раҳбарининг сайёр қабуллари режа асосида ҳудудларда мунтазам ўтказилмоқда.
Жизах вилояти ИИБ ахборот хизмати.