27 Январ 2022 йил 576

3-сектор раҳбари олис ҳудудлардаги муаммоларни ўрганди

“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да олис ва чекка ҳудудларда аҳоли муаммолари ўрганилиб, уларни бартараф қилиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Фориш тумани марказидан узоқда жойлашган қишлоқларда бўлиб, масъуллар билан мавжуд масалаларни ўрганди.

Киндибой қишлоғи Фориш тумани марказидан 180 километр олисда жойлашган. Ушбу аҳоли пунктига борувчи йўлнинг 18 километри қумли ва 2 ярим километрида ҳаракатланиш йўловчилар учун ноқулайлик туғдиради. Ҳаттоки автомашиналарнинг қумга ботиб қолиш ҳолатлари ҳам тез-тез такрорланиб туради. Шу каби масалаларни ҳал этиш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров туман ҳокими ва мутасаддилар билан биргаликда йўлнинг ҳолатини ўрганишди. Ушбу йўлни соз ҳолатга келтириш, аҳоли ва йўловчиларнинг эркин ҳаракат қилишларини таъминлаш чоралари муҳокама қилиниб, шағал ётқизишга келишилди. Мазкур вазифани бажариш учун масъуллар белгиланди.

Шу кунларда туманнинг Еримбетов қишлоғидаги 50- ўрта умумтаълим мактаби учун спорт зал қурилмоқда. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи мазкур бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишди. Атрофни обод қилиш, спорт ва ўқув жиҳозлари, мебеллар билан таъминлаш, иситиш ҳамда ёритиш тизимларининг ўрнатилиши билан қизиқиб, ўнаётган авлоднинг илм олиши ва тарбияси учун барча масъул эканлиги тушунтирилди. Шунингдек, билим масканидаги мавжуд муаммоларни баратараф қилиш бўйича вазифалар белгиланди. Шу ерда Дарвоза маҳалласидаги оилавий қишлоқ врачлик пунктига тез тиббий ёрдам автомашинаси ажратиш, аҳоли учун муносиб шароит яратиш ва одамларнинг турмуш даражасини ошириш масалалари муҳокама этилди. Имкониятдан келиб чиққан ҳолда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Бошқарма бошлиғи ҳарбий қисмда олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари билан ҳам танишди. Зарур қулайликларни яратиш бўйича фикрларини билдирди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech