30 Сентябр 2022 йил 503

3- сектор раҳбари оқтошликлар билан мулоқот ўтказди

Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Ғаллаорол туманининг Оқтош маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказди. Тадбир аввалида 3- сектор раҳбари 33 миллион сўмдан кредит олиб, иссиқхона фаолиятини йўлга қўйган бир неча оқтошликларнинг хонадонига борди. Шунингдек, бошқарма бошлиғи турар жойида тикувчилик цехи очган Мавжуда Абдуллаеваникида бўлди.

Маълумот ўрнида айтиш керак, мазкур тикувчилик цехи маржонбулоқлик Юлдуз Тоғаева раҳбарлик қилаётган Маржонбулоқ шаҳарчасида жойлашган кичик корхонанинг бўлими ҳисобланади. 43 та иш ўрнига эга ушбу кичик корхона жамоаси томонидан кунига 250 дона эркаклар курткаси ишлаб чиқарилаяпти. Маҳсулотнинг бир қисми Тожикистонга экспорт қилинаётир. 3- сектор раҳбари қишлоқ тадбиркорлари билан мулоқот қилар экан уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилажагини билдирди.

Шундан сўнг вилоят ИИБ ҳамда Ғаллаорол тумани ҳокимлиги, ташкилот ва корхоналар масъуллари Оқтош маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари ҳамда ҳунармандчилик намуналари кўргазмаси билан танишдилар. Айтиш жоиз, маҳаллий тадбиркорлар томонидан токзор устунлари, паррандачилик маҳсулотлари, кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмлари тайёрланаяпти.         

Аҳоли билан ўтказилган мулоқот аввалида эса 3 кишига ногиронлик аравачаси, 2 нафар ёшга ҳайдовчилик курсида ўқиш, 5 нафар талабага олий таълим муассасаси контракт тўловининг тўланиши, яна 2 кишига иссиқхона барпо этиш учун кредит ажратилганлигига оид сертификатлар топширилди. Икки нафар ўқувчи бўлса сектор раҳбаридан мактаб формасини қабул қилиб олди. Худди шундай, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус доирасида фаол ёшлар ташаккурнома ва совғалар билан рағбатлантирилди.

Сайёр қабул давомида ичимлик суви ва электр энергияси таъминотини яхшилаш, турар жой қуриш ҳамда деҳқончилик ва фермерлик билан шуғулланиш учун ер майдони ажратиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, тиббий ва моддий кўмак олиш, ички йўлларни таъмирлаш юзасидан талаб ва таклифлар билдирилди. Мазкур масалалар тегишлигига кўра 3- сектор масъуллари, ҳокимлик, ҳудуддаги ташкилот, корхона ва муассасалар мутасаддилари томонидан ҳал этилишига келишиб олинди. Бундан ташқари аҳоли томонидан кўтарилган муаммоларнинг айримлари маҳаллада келаси йили амалга ошириладиган “Обод қишлоқ” дастури доирасида тўла ечим топиши маълум қилинди.

Шу куни 3- сектор ишчи гуруҳи Оқтошдаги бир неча турар жойларда бўлиб, сайёр қабулда кўтарилган масалаларни ўрганди ва муаммоларни ҳал этишга доир чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Text to speech