3- сектор раҳбари Арнасойда сайёр қабул ўтказди
Ер билан тиллашиб ундан мақсадли фойдаланаётган арнасойликлар бугун кўпчиликни ташкил этади. Буни биргина туман марказидаги Бобур маҳалласи мисолида ҳам кўриш мумкин. Аҳмад Муродов ҳам жорий йилнинг бошида 2 сотихдан зиёд майдонда иссиқхона ташкил этди. Ушбу иссиқхона учун 3- сектор томонидан қарийб 19 миллион сўмга яқин кредит олинишида кўмак берилди. Дастлаб иссиқхонада помидор етиштирилган бўлса ҳозирда бодринг парваришланаяпти. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Арнасой туманида ўтказган сайёр қабули аввалида ушбу хонадонда бўлиб, оила аъзолари билан суҳбатда бўлди.
Маълум бўлишича, хонадонда ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, саримсоқ пиёз кўкартириб олинган. Бундан ташқари картошка экиш учун ер тайёр ҳолатга келтирилган.
Худди шундай Эшпўлат Умрзоқов ўтган йили 3- сектор ёрдамида 30 миллион сўм кредит олиб, лимонария ташкил этган. Бугунга келиб кўчатлар ҳосил бера бошлади. Сектор раҳбари ушбу хонадонда ҳам бўлиб, шу ерда маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси ва фаолларга ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берди.
Таъкидлаш жоиз, ҳудудда ишбилармонлик фаровонлик калити эканлигини яхши биладиганлар кўплаб топилади. Нилуфар Жонзоқова ҳам шундай тадбиркорлардан. У 20 миллион сўм кредит асосида “Нилуфар олам чевари” оилавий тикувчилик корхонаси фаолиятини йўлга қўйди. Натижада 4 киши иш билан таъминланди. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ушбу корхонада ҳам бўлди. Тадбиркорнинг келгусидаги режалари билан танишиб, фаолиятини янада кенгайтириш бўйича ўзининг тавсияларини билдирди.
Сайёр қабул доирасида сектор ҳудудидаги маҳаллаларда яшовчи ногиронлиги бўлган икки кишига ногиронлик араваси, “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган бир неча хотин-қизларга тикув мошинкаси, 8 нафар ёшларга ўзини-ўзи банд қилиши учун субсидия асосида тикув мошинкаси ва қандолатчилик печлари олиш учун сертификатлар берилди. 5 нафар ташаббускор ёшлар ва бир гуруҳ фуқаролар эса вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг фахрий ёрлиқ ҳамда совғалари билан тақдирланди.
Сектор раҳбарининг аҳоли ва ёшлар билан мулоқотида “Бобур”, “Ғолиблар”, “Ғ.Ғулом”, “Олтин водий”, “Гулбаҳор”, “Чўлқувар”, “Тошкент” маҳаллаларида истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан қатор муаммолар кўтарилди. Хусусан, Лобар Тоғаймуродова ўзини-ўзи банд қилишда, Бахмал Суяров эса маҳалласидаги табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммони ҳал этишда кўмак сўрашди. Шунингдек, Саматилла Одилов Гулобод кўчасига ёғингарчилик оқибатида тўпланадиган сувни бартараф этиш, Анвар Исмоилов Олтин водий маҳалласининг Чўлпон кўчасини ободонлаштириш лозимлигини баён қилди. Мулоқот давомида ёшларни рағбатлантириш, саломатлик, хонадонни табиий газ тармоғига улаш, яшаш уйининг том қисмини таъмирлаш, электр таянч устунларини янгилаш, кўчаларга шағал ётқизиш, уй-жой ажратилиши, олий таълим учун шартнома пулини тўлаш, имтиёзли кредит олиниши каби масалаларга ечим изланди. Ҳар бир масала тегишли вилоят ва туман ташкилотлари масъуллари иштирокида кўрилиб, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Қабулда мурожаатларнинг аксарияти жойида бартараф этилиб, “маҳаллабай” ва “фуқаробай” иш самарадорлигини ошириш, аниқланган ижтимоий масалаларни бартараф этиш юзасидан сектор раҳбарлари, масъуллар ҳамда ҳоким ёрдамчиларига топшириқлар берди.
Шу куни Латофат Равшанованинг мурожаати ишчи гуруҳ томонидан жойига чиқиб ўрганилди. Қайд этилишича, туман ҳокимлиги ажратган ижтимоий уйда таъмирлаш ишлари охирига етказилмаган. Уйни пол қилиш, эшик ўрнатиш, деразаларни алмаштириш зарур.
Худди шундай, Мақсуда Ҳайдарованинг яшаш уйи том қисмини таъмирлаш лозим. Оила эса моддий ёрдамга муҳтож. Ўрганишлар давомида ушбу масалаларни ҳал этишга қаратилган тадбирлар белгилаб олинди.
Айтиш жоиз, сектор ҳудудидаги маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ғолиблар ҳамда Ғафур Ғулом маҳаллалари ўртасидаги Мирзо Улуғбек кўчаси бетонлаштирилаяпти. Бу каби ишлар режа асосида бошқа ҳудудларда ҳам давом эттирилаяпти.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати