3-сектор раҳбари боғишамолликлар билан мулоқот ўтказди
Ҳеч кимга сир эмаски, бир неча йиллар илгари бирор раҳбар билан учрашиш, қандайдир масалани ҳал қилиш учун, албатта қайсидир идоранинг эшигини тақиллатиш шарт эди. Ўшанда ҳам муаммонгиз ё ҳал бўларди, ё тарвузингиз қўлтиғингиздан тушиб, ортга қайтардингиз. Бугун аксинча барча даражадаги раҳбарлар аҳоли манзилларига чиқиб, мулоқотлар ўтказаяпти, баҳоли қудрат дардингизга малҳам топиш чоралари кўрилмоқда.
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ғайрат Қодиров сайёр қабул аввалида Боғишамол қишлоқ фуқаролар йиғинидаги 64 та кўп қаватли уйларнинг теварагидаги ноқонуний иншоотларни бартараф этиш жараёнлари билан танишди. Маълумот ўрнида айтиш керак, жорий йилда Боғишамолда “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилади. Шу маънода, 3- сектор раҳбари чиқиндиларни олиб чиқиш, қурилиш маҳсулотлари захирасини тайёрлаш юзасидан топшириқ ва тавсиялар берди.
Шундан сўнг ҳудуддаги педагогика коллежида бошқарма бошлиғининг аҳоли билан мулоқоти бўлиб ўтди. Ҳокимлик, ташкилот, корхона ва муассасалар масъуллари иштирокида ташкил этилган тадбирда Ғайрат Қодиров ва Пахтакор тумани ҳокими Шукрулло Бобоев томонидан юртимизда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида атрофлича сўз юритилди. Чунончи, жорий йилда Пахтакорда 2 та йирик енгил саноат корхонаси ишга туширилиши, умуман олганда эса туманда 4 мингта иш ўрни яратилиши маълум қилинди. Бундан ташқари аҳолини турар жой билан таъминлаш мақсадида 20 та қўп қаватли уй барпо этилиши билдирилди.
Шунингдек, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилганларнинг бандлигини таъминлаш, уларга кредит ажратилиши борасидаги ишлар тилга олинди. Жумладан, бугунгача туманнинг 185 нафар ёшларига 50 сотихдан ер майдони ажратилган.
Мулоқотлар жараёнида фуқаролар тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун кредит ва ер майдони олиш, ичимлик суви муаммосини ҳал этиш, турар жой билан таъминлаш, уй қуриш ёки даволаниш учун моддий ёрдам ажратиш, ишга жойлашиш, спорт тўгарагини жиҳозлаш, йўлларни таъмирлаш, зах сувини қочириш каби қатор масалалар юзасидан мурожаат этишди. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш мақсадида тегишли ташкилотлар масъулларига топшириқлар берилди.
Мулоқот давомида 3- сектор раҳбари “Аёллар дафтари”га киритилган 3 нафар фуқарога миқротўлқинли печь топширди. Шунингдек, турли кўрик-танловларда юқори натижаларни қўлга киритган ҳудуд ёшлари китоблар ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди. Худди шундай, ахборот кутубхона марказига Пахтакор тумани ички ишлар бўлими томонидан 100 дона китоб берилди.
Сайёр қабул доирасида боғишамоллик тасвирий санъатнинг ёш ихлосманди Висола Маркаеванинг ижодий кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.