3-сектор раҳбари фуқароларни қабул қилди
Яхши маълумки, сўнгги йилларда Президентимиз топшириғи асосида давлат идоралари раҳбарлари аҳоли билан мунтазам мулоқотлар ўтказмоқда. Бу жараёнда фуқароларни қийнаётган муаммолар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилаётир. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳафтанинг ҳар шанба куни бошқармада ўз шахсий қабулини ўтказмоқда.
Навбатдаги қабулда 20 нафарга яқин фуқаро турли масалалар юзасидан мурожаат қилишди. Жумладан, ишга жойлашиш, ҳуқуқий ёрдам олиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, оилавий низоларни ҳал қилиш, уй-жой тиклаш учун ер ҳамда моддий ёрдам ажратиш, иш жойини ўзгартириш, фирибгардан қарзни ундириш, қонунни бузган шахсни жиноий жавобгарликка тортиш каби масалаларда кўмак сўрашди.
Мулоқотлар давомида кўтарилган ҳар бир масалага ечим топиш нуқтаи назаридан тегишли масъуллар бириктирилиб, муаммоларни ҳал этиш муддатлари белгиланди. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг бу каби қабуллари ҳудудларнинг 3- секторидаги аҳоли пунктларида мунтазам ўтказилмоқда.
Мазкур жараёнда фуқаролар мурожаатларидан келиб чиқиб, қатор ишлар амалга оширилаяпти. Хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида 3- сектор вакиллари тадбиркор ва ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорлик учун субсидия ва кредитлар ажратиш, аёллар, ёшлар ва темир дафтарга киритилганларни ер ва иш қуроллари билан таъминлаш чораларини кўришаяпти.
Шунингдек, соҳа ходимлари йўлларга шағал ётқизиш, турар жой ва ижтиомий соҳа объектларини иситиш ҳамда республикамиз Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқдалар.