30 Май 2022 йил 495

3- сектор раҳбари Гулистондаги ижтимоий соҳа объектларида бўлди

Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Зомин туманининг Гулистон маҳалла фуқаролар йиғинига тез-тез келиб туради. Чунки маҳалла 3- секторда жойлашган. Қолаверса, ҳудуддаги 30- сонли ўрта умумтаълим мактаби вилоят ИИБ оталиғида.

Шу маънода, бошқарма бошлиғи маҳалладаги ижтимоий соҳа объектлари билан танишувни мактаб жамоаси билан мулоқотдан бошлади. Мазкур жараёнда таълим сифатини ошириш, ёшларнинг олий ўқув юртларида билим олиш кўрсаткичларини яхшилаш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалаларига эътибор қаратилди. Ўз навбатида 6 нафар фаол ўқитувчи Жиззах вилояти ИИБ бошлиғининг ташаккурномалари билан тақдирланди.

Тадбирда ободонлаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди ва мактаб ҳовлисига экиш учун вилоят ИИБ ҳисобидан 10 минг туп терак кўчати келтирилиши билдирилди. Маълумот ўрнида айтиш керак, 2021 йилда ушбу ўқув муассасаси капитал таъмирдан чиқарилганди. Табиийки, ички ишлар органлари ходимлари ўз оталиқларида бўлган таълим даргоҳида қулай шароитлар яратилишига ҳисса қўшдилар. Бу ёрдам ҳашар, зарурий техникаларни жалб этиш ҳамда қурилиш маҳсулотлари билан таъминлаш кўринишида бўлди.

Муаллимлар билан учрашувдан сўнг вилоят ИИБ бошлиғи маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва ҳоким ёрдамчиси билан бирга қурилиши якунланиш арафасида бўлган 120 ўринли мактабгача таълим ташкилотига борди. Бу ерда 3- сектор раҳбари ишларни охирига етказиш ва муассасани зарурий жиҳоз ва анжомлар билан таъминлаш юзасидан масъулларга топшириқлар берди.

Вилоят ИИБ бошлиғи “Гулистон” оилавий шифокорлик пунктида амалга оширилаётган таъмир ишлари сифатини ҳам ўрганди. Қурувчилар билан мулоқот жараёнида ичимлик суви таъминотини яхшилаш, ёнғин хавфсизлиги, шифокорлар ва даволанувчилар учун қулай шароитлар яратиш масалаларига эътибор қаратилди.

Шу куни сектор раҳбари маҳалладаги Холбувиш Абдинова хонадонига борди. Уй соҳибаси билан суҳбатдан сўнг аёлнинг турар жойи таъмири учун бошқарма ҳисобидан қум, шағал ва дарвоза келтирилиши ҳамда ҳашар уюштирилажаги маълум қилинди. 2 минг 270 нафар фуқаро истиқомат қиладиган ушбу маҳалла фаоллари билан мулоқот давомида сектор раҳбари ҳудуддаги бўш турган бинода тикувчилик цехи фаолиятини йўлга қўйиш, тадбиркорлик субъектини хом ашё билан таъминлаш ҳамда тайёр маҳсулотларни сотиш бўйича ўз кўмагини таклиф қилди. Қисқаси, тикувчилик цехини қисқа муддатларда ишга туширишга келишиб олинди.

Жиззах вилояти ИИБ бошлиғининг аҳоли билан мулоқотлари маҳаллаларда мунтазам амалга оширилмоқда. 

Text to speech