3- сектор раҳбари ғаллаоролликлар билан мулоқот қилди
Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров аҳоли муаммоларига ечим топиш мақсадида Ғаллаорол туманининг олис Коризқудуқ қишлоқ фуқаролар йиғини Муқри қишлоғида сайёр қабул ўтказди.
Мулоқотда фуқаролар ўзларини қийнаб келаётган қатор муаммоларини баён этишиб, уларни ҳал этишда кўмак сўрашди. Хусусан, Турк, Муқри, Шўрчи, Қўриқ қишлоқлари ҳамда Маржонбулоқ шаҳарчаси, Бахт, Оқтош ва Омонли маҳаллалари вакиллари йўлларга асфальт ётқизиш, шағаллаштириш, электр таянч устунларини алмаштириш, трансформатор ўрнатиш, кўприк қурилиши ҳамда давлат мактабгача таълим ташкилоти бунёд этиш каби масалаларни кўтаришди. Бундан ташқари саломатлигини тиклаш, уй-жойини таъмирлаш, моддий ёрдам, бандлик, интернет тармоғига уланиш, ўзини-ўзи банд қилиш ҳамда деҳқончилик учун ер берилиши, аҳоли чорва молларини боқиш учун яйлов йўқлигига оид муаммолар масъуллар иштирокида муҳокама қилинди.
Сайёр қабулда ҳар бир мурожаатнинг ижросини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Вақт талаб этадиган муасалалар ижроси назоратга олиниб, сектор раҳбарлари ва тегишли идоралар масъуллари ҳамда мутасаддиларга вазифалар юклатилди.
Шу куни 3- секторга мурожаат асосида эҳтиёжманд оилаларнинг 7 нафарига маиший техника, 8 кишига ногиронлик аравачаси ҳамда 2 нафарига эшитиш ускунаси, 1 кишига даволаниши ҳамда 2 нафар ёшга сафарбарлик чақирув резерви учун пул маблағи ўтказилгани, 1 фуқарога имтиёзли кредит ажратилганлиги ҳақидаги сертификатлар топширилди. Шу қаторда бир гуруҳ фаол ёшлар вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг фахрий ёрлиқ ҳамда савғалари билан тақдирланишди.
Сайёр қабулда кўтарилган айрим масалалар тадбирдан сўнг 3- сектор ишчи гуруҳи томонидан жойларга чиқилиб ўрганилди.