28 Сентябр 2021 йил 581

3- сектор ташаббуси билан ҳудудларда ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда

Ҳудудлар ободлигини таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида секторлар томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Зафаробод ҳамда Шароф Рашидов туманларида олиб борилаётган бунёдкорликларни бунга мисол келтириш мумкин.

Зафаробод туманидаги Пистиликент шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида бугун иш қизғин. Хусусан, 3- сектор ташаббуси билан туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан 3 та кўчани тартибга келтириш ва шағал ётқизиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Шаҳарчанинг Шеробод кўчасининг бир километр масофаси жорий йилнинг баҳор ойларида, айни дамда эса яна 700 метр жой соз ҳолатга келтирилаяпти. Аниқроғи эни 5 метр, 20 сантиметр қалинликда шағал ётқизилаяпти. Йўл қурилишига 20 та махсус техника жалб этилган. 35 нафардан зиёд йўлсозлар кўчанинг текис ва равон бўлиши йўлида меҳнат қилишмоқда. Бундай бунёдкорлик ишларидан аҳоли мамнун.

Кўчадаги электр тармоқларининг симёғочлари ҳам яроқсиз ахволда бўлиб, улар ҳам бетон таянчларга алмаштирилади.

Бундан ташқари, шаҳарча фуқаролар йиғинидаги Ёшлик кўчасининг 1 минг 260 метрдан зиёд, Гараша кўчасининг 600 метр қисмларига ҳам шағал ташлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Бундай хайрли ишлар Шароф Рашидов туманида ҳам олиб борилаётир. Туманнинг Маданият маҳалласида истиқомат қилувчи 1- гуруҳ ногиронлиги бўлган Ортиқой Ишанқулованинг яшаш уйи таъмирталаб ҳолга келганлиги боис “Аёллар дафтари”га киритилди. Хонадон вилоят ички ишлар бошқармаси оталиғига олиниб, шу кунларда кўламли бунёдкорлик ишлари бажарилмоқда. Хусусан, йўлакларга шағал ётқизилиб, эски бинолари бузилаяпти. Шунингдек, яшаш уйи деворлари тўлиқ таъмирланиб, шифер алмаштирилади, эшик ва деразалар янгиланади. Шу мақсадда сектор томонидан зарур шифер, ёғоч каби қурилиш материаллари етказиб берилди. Ортиқой она Ишонқулова эса тиббиёт муассасасига ётқизилиб, соғлиғини тиклашга кўмак кўрсатилаяпти. 80 ёшни қаршилаётган хонадон соҳиби Умир бобо Холмуродов ғамхўрликдан мамнун.

Хайрли иш давомида сектор томонидан ҳовлида иссиқхона қуриш ҳам кўзда тутилган. Ўз навбатида етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг уруғлари билан таъминланади.

Text to speech