3- секторда электрон кутубхонадан фойданиш имкониятлари кенгайтирилмоқда
Жиззах вилояти ички ишлар органлари бошқармаси томонидан аҳоли ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш мақсадида 3- секторда “QR” кодли электрон китоблар бурчаклари ташкил этилмоқда. Аҳоли гавжум жойларга ўрнатилаётган бундай бурчакларда акс эттирилган кодлар орқали китобсеварлар ўзларига маъқул адабиётни уяли алоқа воситасига юклаб олиш, шу баробарида электрон адабиётларни тақдим этувчи сайтларга уланиш имконига эга бўладилар.
Биринчи босқичда 15 та “QR” кодли электрон китоблар бурчаклари юзага келтирилади. Умуман олганда, 3- сектордаги 78 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг барчасида ана шундай бурчаклар юзага келтирилади. Китобларга оид код маълумотларини ҳар ойда янгилаш режалаштирилган. Мазкур тадбир Жиззах вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Айтганча, электрон китоблар бурчакларида тегишлилигига кўра шаҳар ва туманлар ички ишлар бўлимлари бошлиғининг уяли алоқа воситаси рақамлари берилган. Бу аҳолининг 3- сектор раҳбари билан боғланиш имкониятларини янада кенгайтиради.