3- сектордаги маҳалалар обод қилинмоқда
“Baxmal natural juice” МЧЖ 2020 йилда фаолият бошлаган. 120 нафар бахмалликлар меҳнат қилаётган корхонада йилига 3 минг тонна мева қиёми, яъни концентранти ишлаб чиқарилаяпти. Ҳозирда қўшимча цех учун қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу цех фаолият бошлаши билан ишчилар сони 150 нафарга етказилади. Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров туман ҳокими ва масъуллар билан бирга ушбу корхонада бўлиб, ишлаб чиқариш технологияси билан танишди. Ўз навбатида ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш бўйича кўрилаётган чоралар маълум қилинди.
Туман марказидаги 78- сонли ИДУМда янги ўқув йилиги қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Қайд этилишича, ушбу муассаса ўқув йилини “Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги”нинг ихтисослаштирилган мактаби сифатида бошлайди. Бошқарма бошлиғи ушбу таълим масканида олиб борилаётган қурилиш, таъмирлаш ишларини кўздан кечирди.
Маълум қилинишича, муассасада зарур шароитни яратиш учун 5,5 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бугунга қадар бинонинг том қисми, синфхоналар, кутубхона, спорт зал, ёритиш ва иситиш тизими тўлиқ янгиланиб, атроф обод қилинди.
Вилоят 3- сектор раҳбари маҳаллалардаги ободонлаштириш ишларини ҳам ўрганди. Таъкидлаш жоиз, тумандаги 3- сектор маҳаллаларини обод қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бугунга қадар “Нурафшон” ҳамда “Тонготар” ҚФЙнинг 2,5 км ички йўллари асфальт қилинди. 6,5 км йўлга шағал ётқизиш режалаштирилган бўлиб, 4 километрида иш бажарилган. Бетон қоришмаси билан қопланиши кўздан тутилган 1400 метр жойнинг қарийб 900 метрида иш бажарилди. Бундан ташқари, электр ва ичимлик сув тармоқларини тортиш, трансформаторлар ўрнатиш ишлари ҳам жадал олиб борилаяпти.
2 та яъни 63- ва 38- ўрта умумтаълим мактаблари тўлиқ таъмирланмоқда. Шунингдек, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг сайёр қабулида кўтарилган 40- ўрта умумтаълим мактаби учун спорт зали қурилишига оид масала ҳам ҳал этилиб, дастур асосида ушбу мактабга спорт зали қурилмоқда. Қисқаси, тумандаги 3- сектор ҳудудини обод қилиш, аҳолига қулай шароит яратиш ишлари тизимли давом этмоқда.