31 Март 2021 йил 857

3-сектор раҳбари ҳудудларда олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ҳудудларда “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Шароф Рашидов тумани 3- сектор ҳудудидаги “Шариллоқ” маҳалла фуқаролар йиғини жорий йилда обод қилинади. Ҳозирда кўчаларни таъмирлаш, электр энергияси таъминотини яхшилаш борасида жадал иш олиб борилмоқда. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров маҳаллада бўлиб “Обод қишлоқ” дастури доирасида қилинаётган ишларни кўздан кечирди. Жумладан, ёритиш устунларини таъмирлаш ва янгисига алмаштириш, ижтимоий соҳа объектлари барпо этиш, бўш иншоотлардан самарали фойдаланиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш юзасидан топшириқлар берди.

Маҳаллада 11 та кўча бўлиб, дастур асосида аҳоли хонадонларини бир меъёрда табиий газ, ичимлик суви билан таъминланади. Симёғочлар темир-бетон таянчларга янгиланади, трансформаторлар ўрнатилади.

Пахтакор тумани “Боғишамол” маҳалласида ҳам ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари олиб борилаяпти. Айтиш жоизки, маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканининг янги замонавий биносини қуриш ишлари бошлаб юборилган. Бошқарма бошлиғи қурилиш жараёни билан танишув асносида ҳудуддаги жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг асосий қуйи бўғини ҳисобланган маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканида яратилиши зарур бўлган шароитларга тўхталди. Масъулларга кўчалар ободлигини таъминлаш, бу борада эътибор қаратиладиган жиҳатлар тушунтирилди.

Зафаробод туманида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси 3-сектор штаби биноси бунёд этилмоқда. Генерал-майор ушбу бунёдкорлик ишларининг боришини ўрганиб, қурувчилар билан суҳбатда бўлди. Масканда фуқаролар ҳамда ходимлар учун яратиладиган шароитлар, жиҳозланиши билан ўртоқлашди. Қурилиш ишларини жадаллаштириш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга зарурий тавсиялар берилиб, аниқ вазифалар юклатилди.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Зафаробод туманидаги Нурафшон шаҳарча фуқаролар йиғинида ҳам бўлди. Туман ҳокими ва масъуллар билан суҳбат чоғида ҳудудни обод қилиш, ариқ ҳамда зовурларни тозалаш, таъмирлаш ишларига махсус техникаларни жалб этиш лозимлигини таъкидлади. Бундан ташқари “Хавфсиз ҳудуд”, “Хавфсиз ҳовли” концепцияси доирасида режалаштирилган масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

 

Жиззах вилоят ИИБ ахборот хизмати

Text to speech