19 Апрел 2024 йил 4210

Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимларининг оила аъзолари ўртасида “Намунали оила” кўрик танловининг вилоят босқичи ўтказилди

            Шароф Рашидов туманидаги ҳарбий қисмда Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимларининг оила аъзолари ўртасида “Намунали оила” кўрик танловининг вилоят босқичи ўтказилди. “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни сақлашда оиланинг ўрнини тарғиб қилиш, шунингдек, намунали оилаларнинг ҳаётий тажрибасини оммалаштириш мақсад қилган тадбирда иштирокчилар 3 та шарт асосида беллашишди.

Хусусан, дастлабки таништириш шартида ҳар бир иштирокчи жамоа аъзолари миллий рақс, шеър, қўшиқ, халқ ўйинлари ва бошқа ижрочилик маҳоратлари орқали соғлом, намунали оиланинг жиҳатлари, уларнинг эришган ютуқларини намойиш этишди. Кейинги “Бу менинг оилам” шартида электрон оилавий фотоальбом ҳамда ўзларининг жамиятда тутган ўрни, касби, севимли машғулоти, ўзаро оилавий муносабатлар, анъана ва қадриятларни акс эттиришди.

“Биз китобхон оиламиз” шартида иштирокчилар ўзларининг зукколикларини намойиш этишди. Бунда улар ўзбек ва жаҳон адабиётига ҳисса қўшган адиблар қаламига мансуб китобларнинг мазмун-моҳияти, ғояси ва аҳамияти бўйича саволларга жавоб беришди.

Танлов якунига кўра Мирзачўл тумани ИИБ ходими, капитан Рустам Казаков оиласи билан фахрли 1-ўринга муносиб деб топилиб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Капитан Жавлон Исмоилов оиласи иккинчи, сафдор ходим Фарҳод Жабборов оиласи 3-ўринни эгаллади. Ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланишди. 

Text to speech