Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировнинг 21 март - Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан табриги
Азиз ҳамкасблар, юрт
осойишталигини асраш йўлида фидойилик кўрсатаётган қадрли дўстлар!
Сизни ва оила аъзоларингизни халқимизнинг қадимий ва қутлуғ қадрияти,
байрами Наврўз
билан чин дилдан қутлайман. Яхши маълумки, Наврўз минг йилликлар давомида
элимиз томонидан уйғониш, яшариш, янгиланиш, эзгулик тимсоли сифатида тантана
қилинади. Қолаверса, бу айёмда халқимизнинг меҳр-оқибатга уйғун қадриятлари,
хусусан, муҳтожларга кўмак кўрсатиш билан боғлиқ анъаналари яққолроқ намоён
бўлади. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев
таъкидлаганидек, “Наврўз чинакам халқ байрами, миллий ўзлигимиз кўзгуси, маънавий ва
маданий ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир”.
Дунёнинг кўплаб давлатларида нишонланадиган ушбу байрамнинг БМТ
томонидан 21 март — Халқаро Наврўз куни, дея белгилангани ҳам қутлуғ
аёмимизнинг жаҳондаги нуфузини оширди. Шу ўринда Наврўзни Янги Ўзбекистонда
кечаётган ўзгаришларга, мамлакатимизнинг сиёсий-иқтисодий қудратини ошириш
ҳамда халқимизнинг турмуш маданиятини юксалтиришга қаратилган ислоҳотларга
менгзагим келди. Қутлуғ рамазон ойида Наврўзни тантана қилаётганимиз ҳам бу
айёмга ўзига хос шукуҳ бағишламоқда.
Азизлар, барчангизни Наврўзи айём билан табриклар эканман, эл-юрт
осойишталиги ва халқимиз ҳаёти фаровонлигини
таъминлаш йўлидаги шарафли хизматингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Юртимизга кириб келган Наврўз улуғ Ватанимизнинг ҳар бир гўшасига, ҳар
бир уйга, ҳар бир оилага яхшилик, шодлик ва тўкинлик олиб кирсин. Умрингиз
узоқ, соғлиғингиз мустаҳкам бўлсин, хонадонингиздан файзу барака аримасин!