20 Март 2025 йил 1518

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировнинг 21 март — Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан табриги

 

Қадрли ҳамкасблар, ҳурматли фахрийлар, азиз опа-сингиллар, барчангизни яшариш, янгиланиш байрами – Наврўз билан қутлайман. Зеро кун ва тун тенглашган, борлиқни яшиллик қоплаган, дарахтлар гуллар билан безанган айни дамлар қалбларга гўзал туйғуларни индиради. Шу маънода, халқимиз минг йиллар давомида мазкур санани сайиллар билан нишонлайди.

 Қолаверса, кўкламда элимизнинг меҳр-оқибат ва саховатдан илдизланган қадриятлари бўй кўрсатади. Жумладан, эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олинади, яқинлар совғалар билан сийланади. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъбири билан айтганда “Наврўз чинакам халқ байрами, миллий ўзлигимиз кўзгуси, маънавий ва маданий ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир”.

Шу ўринда Наврўзни Янги Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришларга, мамлакатимизнинг сиёсий-иқтисодий қудратини ошириш, халқимизнинг турмуш маданиятини юксалтиришга қаратилган ислоҳотларга менгзагим келди. Барпо этилаётган юзлаб саноат корхоналари, турар жойлар, ўқув муассасалари, ёшларнинг билим олиш ва касб-ҳунар эгаллаш имкониятларининг тобора кенгаяётгани, тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги қулайликлар сўзларимиз тасдиғидир.

Худди шундай, ҳар биримиз ички ишлар органлари ходими сифатида юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган янгиланишларга шахсан гувоҳмиз. Бу ўзгаришлар техника ва воситалар таъминоти, шахсий таркибнинг жисмоний, жанговар ва касбий тайёргарлигини кучайтириш, соҳа вакилларини ижтимоий ҳимоялашга қаратилган чора-тадбирларда яққол сезилади.

Халқимизнинг ушбу боқий байрами дунё миқёсида ҳам ўз эътирофини топган. Чунончи, 2010 йилда БМТ томонидан 21 март — Халқаро Наврўз куни, дея белгиланган. Қолаверса, бу йилги Наврўз Рамазон ойида тантана қилинмоқдаки, қутлуғ аёмимиз ўзгача файз, шукуҳ касб этмоқда.

Қадрли дўстлар, барчангизни Наврўзи айём билан табриклар эканман, эл-юрт осойишталигини таъминлаш йўлидаги шарафли хизматингизда улкан муваффақиятлар тилайман.

Юртимизга кириб келган Наврўз улуғ Ватанимизнинг ҳар бир гўшасига, ҳар бир оилага яхшилик, саодат ва тўкинлик олиб кирсин. Умрингиз узоқ, соғлиғингиз мустаҳкам бўлсин, хонадонингиздан файзу барака аримасин!


Text to speech