31 Декабр 2024 йил 1455

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғ. Т. Қодировнинг Янги йил табриги


Қадрли ҳамкасблар, ҳурматли фахрийлар ҳамда Жиззах вилояти ички ишлар органлари тизимидаги муассасалар ходимлари, сизларни юртимизга Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили сифатида кириб келган Янги йил билан чин дилдан қутлайман.

 

Ҳурматли дўстлар!

Айни дамларда мамлакатимиз сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида кўплаб ислоҳотлар ва эзгуликларга гувоҳ бўлган 2024 йил билан хайрлашиб, 2025 йилни қарши олмоқдамиз. Шу маънода ўтган йили шахсий таркибимиз қонунбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида сезиларли натижаларга эришганлигини, қолаверса, осойишталикни таъминлашга оид янги йил режаларимиз салмоқли эканлигини эътироф этмоқчиман.

Яна шуни алоҳида таъкидлашни истар эдимки, Янги Ўзбекистонимизда Президентимиз раҳбарлигида барча жабҳаларда кечаётган ислоҳотлар ички ишлар органлари тизимида ҳам ёрқин интикосини топмоқда. Бинобарин, соҳага оид қонунлар изчил такомиллаштириляпти, моддий-техник база тобора мустаҳкамланмоқда. Ижтимоий ҳимоялаш масаласи ҳам доимий эътиборда.

Биргина мисол, ўтган йили октябрь ойида Шароф Рашидов туманининг “Куёвбоши” маҳалласида ички ишлар органлари ходимлари учун 56 та якка тартибдаги турар жой фойдаланишга топширилди. Мазкур уйларнинг 17 тасининг бошланғич тўловлари ИИВ томонидан тўлаб берилди. Бу йил ушбу маҳаллада 48 та турар-жой, 150 ўринли мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 28 ўринли меҳмонхона бунёдга келтирилади. Қолаверса, бир нечта ҳудудий ички ишлар бўлимлари биноларини янгидан қуриш ва капитал таъмирлаш режалаштирилган.

Ўз навбатида соҳа вакиллари “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш - олий бурчимиз” шиори остида зиммаларидаги бурчни бажармоқ учун салоҳиятларини тўлалигича сафарбар этмоқдалар. Яна шуниси аниқки, ички ишлар органлари ходимларининг ўз жонларини хатарга қўйиб, жиноятчиликни жиловлаш йўлида фидойилик кўрсатаётганликларини халқимиз юракдан ҳис этади ва қадрлайди. Шундай экан, бу ишончга ҳамиша муносиб бўлишимиз шарт.   

 

Қадрли ҳамкасблар!

Сизларни яна бир бор юртимизга кириб келган 2025 йил билан табриклайман, Янги йил элимизга фақат яхшиликлар келтирсин. Барчангизга мустаҳкам соғлик, уйингизга файзу барака, шарафли хизматингизда улкан муваффақиятлар тилайман.

 Қутлуғ айём муборак бўлсин!

Text to speech