25 Январ 2025 йил 2535

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича идоралараро комиссиянинг йиғилиши ўтказилди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича идоралараро комиссиянинг йиғилиши ўтказилди. Ҳудудий идоралараро комиссия раислари ва аъзолари онлайн тарзда қатнашган йиғилишни Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник Фарҳод Тўйчиев олиб борди. Кун тартибидаги масала юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи, подполковник Мирзабек Рўзиқулов маъруза қилди.

Таъкидланишича, мамлакатимиз раҳбарининг 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилган ишлар натижасида ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда ижобий кўрсаткичлар қайд этилиб, криминоген вазият сезиларли даражада яхшиланди. Хусусан, вилоятдаги 309 та маҳалланинг 103 тасида жиноят содир этилмади.

Йиғилишда, шунингдек вояга етмаганлар, ёшлар, хотин-қизлар иштирокидаги қонунбузарликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаб ҳамда омилларига эътибор қаратилди. Шу билан бирга нотинч ва носоғлом муҳитдаги оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахсларни ижтимоий мослаштириш, ишсизликка барҳам бериш борасидаги ишлар атрофлича муҳокама этилди.

Бундан ташқари “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш борасидаги ишлар таҳлил қилинди. Ўз навбатида маҳаллалар еттиликларининг ижтимоий профилактика объектлари билан олиб бораётган ишларида кузатилаётган камчиликлар тилга олинди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда айрим идора ва ташкилотлар ўзларига юклатилган вазифага етарли даражада эътибор қаратишмаётгани танқид қилиниб, ҳамкорликдаги ишларни янада ривожлантириш, бунда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш лозимлиги қайд этилди.

Муҳокама учун сўзга чиққан масъуллар жиноятчиликнинг олдини олиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги йўл қўйилган камчиликларни ҳал этиш ва давлат органлари ҳамда жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини янада кучайтиришга оид фикрларини билдиришди. Йиғилиш якунида келгусида жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлашга қаратилган вазифалар белгилаб олинди.


Text to speech