23 Август 2023 йил 683

Адирободда сектор раҳбари сайёр қабул ўтказди

Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Зарбдор туманининг Адиробод маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказди. Ушбу тадбир аввалида 3- сектор раҳбари зарбдорлик волейболчи қизлар жамоасини тақдирлади. Бинобарин, ушбу жамоа Ички ишлар вазири кубоги учун яқинда ўтказилган мусобақаларнинг республика босқичида 3- ўринни эгаллаганди. Шунингдек, ўн кишига ногиронлик аравачалари, эшитиш ва юриш мосламалари ҳамда микротўлқинли печ топширилди.

Бундан ташқари 2 киши даволаниш харажатларининг қопланишига оид, 1 йигит эса олий таълим муассасаси контракт тўлови, яна бир йигит ҳайдовчилик курсида ўқиш тўловининг тўланишига доир сертификатларни қабул қилиб олди. 4 нафар ўғил-қиз эса Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус доирасида фахрий ёрлиқ ва совғаларга эга бўлди.

Сўнг фуқаролар билан мулоқот ўтказилди. Мазкур жараёнда кўпчиликни қийнаётган масалалар кўтарилди. Чунончи, сув таъминотини яхшилаш, соғликни тиклаш, жарроҳлик амалиёти ўтказиш, моддий ёрдам ажратиш, йўлга асфальт ётқизиш, мактабгача таълим муассасаси фаолиятига оид ҳужжатларни расмийлаштириш, М-39 йўлида автомашиналар қайриладиган йўлак юзага келтириш, электр симёғочини алмаштириш каби йигирмага яқин муаммолар юзасидан мурожаатлар бўлди.

Ўз навбатида ушбу муаммоларни ҳал этиш бўйича ҳокимлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва тумандаги бир қатор ташкилотлар масъуллари ҳамда маҳаллалар бешликларига топшириқлар берилиб, бажариш муддатлари белгиланди.

 

Text to speech