14 Декабр 2022 йил 473

Афв этилганлар билан мулоқот ўтказилди

Жорий йилнинг 7 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллиги муносабати билан қабул қилинган мазкур ҳуқуқий ҳужжат асосида 402 нафар шахснинг бир қисми тўлиқ, яна бир қисми шартли озодликка чиқарилган бўлса, бошқаларининг жазо муддатлари қисқартирилди ёки енгилроғига алмаштирилди.

Кечирилганлар орасида 18 нафар жиззахлик бўлиб, улардан бирининг жазо муддатининг учдан икки қисми камайтирилган. 17 нафари эса яшаш жойларига қайтдилар. Ўз навбатида ушбу шахсларни ижтимоий мослаштириш, моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда муаммоларини ҳал қилиш мақсадида Жиззах вилояти секторлари раҳбарларининг қабули ташкил этилди.  

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, бандлик, соғлиқни сақлаш каби ташкилотлар вакиллари иштирокида уюштирилган мулоқот аввалида вилоят ҳокими Эргаш Салиев, вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ва бошқалар мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида тўхталдилар. 

Шундан сўнг авф этилганларнинг муаммолари ўрганилди. Жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган шахслар томонидан тадбиркорликни йўлга қўйиш учун кредит ажратиш, ўзи ёки фарзандларини ишга жойлаштириш ёхуд ишга тикланиш, уй билан таъминлаш, турар жой қуриш ёки деҳқончилик қилиш учун ер майдони ажратиш, моддий ёрдам олиш, ногиронлик нафақаси тайинлаш, даволаниш каби қатор масалалар кўтарилди. Шунингдек, афв этилганлар ўзларига билдирилган ишонч ва кўрсатилаётган кўмак учун миннатдорчиликларини изҳор этдилар.

Йиғилиш давомида озодликка чиқарилганларга секторлар кесимида ёрдам кўрсатиш чоралари белгилаб олинди. Жумладан, ҳар бир шахсга мурожаатига кўра масъул ташкилотлар вакиллари бириктирилди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

 

Text to speech