21 Декабр 2021 йил 553

Афв этилганларнинг муаммолари ҳал этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 йиллиги муносабати билан “Озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Президент фармони билан жиззахлик 5 нафар шахсларга имконият берилди.

Чунончи, 4 нафари шартли равишда озодликка чиқди, бир маҳкумнинг жазо муддати қисқартирилган. Зарбдор тумани Бўстон шаҳарчасида истиқомат қилувчи Муҳаббат Турдиалиева афв этилган юртдошларимиздан. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси хотин-қизлар масалалари бўлими ҳамда бошқарма пробация бўлими масъуллари унинг яшаш уйида бўлиб, мавжуд муаммоларини ўрганишди.

Мулоқот чоғида Муҳаббат Турдиалиева укаси ва онаси ҳамда синглисининг икки нафар вояга етмаган фарзанди билан 2 хонали уйда истиқомат қилиши ва уй-жойини кенгайтириш, синглисининг бир нафар қизини фарзандликка олиш истагини баён этди. Соҳа масъуллари ушбу масалалар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар беришди. Шунингдек, ички ишлар бўлими миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси томонидан ID карта расмийлаштирилди. Бандлигини таъминлаш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Бундан ташқари, туман ички ишлар органлари пробация гуруҳида суҳбат ўтказилди. Такроран жиноят содир этмаслик, мавжуд қоидаларга риоя этиш, одоб-ахлоқ меъёрларидан четга чиқмаслик, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши кераклиги уқтирилди.

Худди шундай, соҳа вакиллари Жиззах шаҳрининг Оққўрғонлик маҳалласида яшовчи Дилдора Абдулҳакимова билан ҳам суҳбатда бўлиб, унинг 3 нафар 18 ёшга тўлмаган фарзандига нафақа олинишида амалий кўмак кўрсатилди.

Қисқаси, ички ишлар органлари томонидан жазони ижро этиш муассасаларидан озодликка чиқарилган шахслар ўз ҳолига ташлаб қўйилмаяпти. Яъни уларни ижтимоий мослаштириш, моддий қўллаб-қувватлаш, ишга жойлаштириш чоралари кўрилмоқда. Токи улар жиноятга қайта қўл урмасин, жамиятнинг ижобий аъзосига айлансин.

Text to speech