Афв этилганлар билан мулоқот ўтказилди
Жиззах
вилояти ички ишлар бошқармасида республикамиз Президентининг 2024 йил 28
августдаги “Жазо муддатини ўтаётган,
қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир
гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш
мақсадида афв қилинган 15 нафар жиззахлик шахслар ҳамда ҳокимликлар, ҳуқуқни
муҳофаза қилувчи органлар ва вилоят ташкилотлари масъуллари иштирокида мулоқот
ўтказилди. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров
раислигида уюштирилган тадбир давомида фуқаролар томонидан ўз мутахассислиги
бўйича ишга жойлашиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун кредит ажратиш
ҳамда нафақа тайинлаш борасида ёрдам сўралди.
Ўз навбатида кўтарилган масалаларни ҳал қилишга оид
чора-тадбирлар белгиланди. Шу ўринда таъкидлаш керак, бугунгача йиғилганларнинг
асосий қисми ишга жойлаштирилган, улардан икки нафари олий таълим
муассасаларининг талабаси ҳисобланади. Қолаверса, бу шахсларнинг барчаси тиббий кўрикдан ўтказилган. Уларнинг 11
нафарига 1 миллион 870 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган.
Айримларига шахсни тасдиқловчи ID карталар расмийлаштирилган.
Тадбирда афв этилган шахсларни ижтимоий мослаштириш,
уларнинг тадбиркорлик фаолиятларини қўллаб-қувватлаш, профилактик тадбирларни
сифатли амалга ошириш, хусусан, афв этилган шахсларга бириктирилган мураббийларнинг
иш самарадорлигини ошириш, оилада ва иш жойида руҳий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий
ва психологик ёрдам кўрсатишга оид тавсиялар билдирилди.
Шунингдек,
йиғилганларга вилоятдаги корхона ва ташкилотларда мавжуд иш ўринлари ҳамда
маҳалла еттилиги томонидан кўрсатилажак ёрдамларга оид тушунчалар берилди. Қисқаси, афв этилган
шахсларнинг ҳаётда яна ўз ўринларини топишлари ҳамда қайта жиноятларнинг олдини
олиш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда. Тадбирда вилоят прокурори Бахтиёр
Иброҳимов сўзга чиқди.