19 Декабр 2022 йил 418

Аҳоли билан учрашувда муаммолар ечилмоқда

Қишнинг совуқ кунларида яшаш уйлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларида иситиш тизимининг барқарор фаолият юритиши мавсумга кўрилган тайёргарлик ишларига боғлиқ. Аммо бугунда шу каби масалаларнинг юзага чиқаётгани мавжуд камчиликларни кўрсатаяпти. Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи 3- сектор ҳудудларидаги маҳаллаларда бўлиб, аҳоли билан учрашувида кўтарилаётган шу каби муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилаётир. Хусусан, Мирзачўл тумани Ғалаба маҳалласида ўтказилган шундай тадбирда фуқаролар бир неча масалаларни ҳал этишда амалий ёрдам сўрашди.

Қайд этилишича, Гагарин кўчасида жойлашган 2 уйнинг 8 та хонадонини иситишда фойдаланиладиган иситиш қозони бузилган, ёғингарчилик вақтида сизот сувлари йиғилиб аҳолига ноқулайликлар туғдиради, кўп қаватли уйнинг том қисмида айрим жойлар яроқсиз ҳолда ва кўча таъмирга муҳтож. Тумандаги барча корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этган тадбирда баён этилган масалалар жойида ўрганилди. Уларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга вазифалар юклатилди. Ичимлик суви ҳамда электр таъминотидаги узилишлар бўйича тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, сектор раҳбари ҳар бир киши электр энергияси ва табиий газдан оқилона фойдаланиши, хавфсизлик қоидаларига риоя этишлари лозимлигини таъкидлади. Маҳалла фаоллари, корхона ва ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари юзага келган ҳар қандай муаммони ўз вақтида ва жойида бартараф этишлари лозимлиги уқтирилди.

Бундан ташқари, фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, саломатлик, ижтимоий ҳимоялаш, субсидия ажратилиши, бандлик, кўчаларни таъмирлаш каби масалаларига ҳам диққат қилинди ва мутасаддиларга топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.

Бу каби учрашувлар вилоятнинг бошқа туманларида ҳам давом этмоқда.

Text to speech