Аҳоли мурожаатлари тингланди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Дўстлик тумани аҳолиси, хусусан ёшлар билан учрашди. Тумандаги “Саритепа” маҳалласида ўтказилган сайёр қабул аввалида 3- сектор раҳбари туман ҳокими билан биргаликда ҳудудда аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, сектордаги маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш борасидаги ишлар билан танишди. Хусусан, автомашиналарга техник хизмат кўрсатиш, балиқчилик ва паррандачилик, фитнес клуб фаолияти кўздан кечирилиб, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар билдирилди.
Шунингдек, тумандаги 3- сонли ўрта умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг илм олишлари учун яратилган шароитлар ҳам кўздан кечирилди. Зарур жиҳозлар билан таъминланиши, ўқувчиларнинг эришаётган ютуқлари ўрганилди. Ўқувчиларнинг қўл меҳнати билан яратилган ҳунармандчилик намуналари қатнашчиларда қизиқиш уйғотди.
Туман ҳокими ўринбосарлари ва тегишли вилоят ва туман ташкилотлари ҳамда сектор раҳбарлари иштирок этган сайёр қабул аввалида “Ёшлар дафтари” да рўйҳатда турган фуқароларнинг 4 нафарига олий таълим муассасасига тўлов-шартнома пулларининг маълум фоизи ўтказилганлиги ҳамда 2 нафарига имтиёзли кредит ажратилганлиги ҳақидаги сертификатлар, моддий кўмакка муҳтож 6 нафар хотин-қизларга маиший техника ва озиқ-овқат маҳсулотлари, 16 ёшга тўлган 2 нафар ва фуқаролиги бўлмаган 2 нафар шахсларга ID карталар топширилди. 5 нафар ташаббускор ёшлар “Фахрий ёрлиқ”лар билан тақдирланди.
Сектор раҳбарининг фуқаролар билан мулоқотида аҳоли ўзларини қийнаётган қатор масалаларни ҳал этишда амалий ёрдам сўрашди. Чунончи, васийликка олиш, иш билан таъминлаш, кўчаларни таъмирлаш, сизот сувлари учун ариқ олиш, пиёдалар йўлакчаси барпо этиш, электр симлари тортиш, моддий ёрдам, саломатлигини тиклаш, спорт тўгараги учун зарур инвентарлар олиш, боғдорчилик учун ер ажратиш, балиқчилик учун кредит, уй-жойининг кадастр ҳужжати билан боғлиқ каби қатор муаммолар бўйича қилинган мурожаатларнинг ҳар бири масъул идора ва ташкилотлар мутасаддилари иштирокида кўриб чиқилди. Қисқаси кўтарилган масалаларни шу ернинг ўзида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилиб, ижроси вақт талаб этадиган айрим масалалар бўйича йўл ҳаритаси ишлаб чиқилди ва назоратга олинди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати