19 Апрел 2024 йил 4668

“Айдар-Арнасой” кўллар тизими “Хавфсиз ҳудуд” профилактик тадбири ўтказилди

           Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва масъул ташкилотлар ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан “Айдар-Арнасой” кўллар тизими ҳудудларида ноқонуний ов, балиқ овлаш, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни териш-йиғиш каби қонунбузарликларга қарши курашиш ва олдини олишга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда. Дастлаб хизматга жалб этилган ишчи гуруҳ аъзолари учун йўриқнома ўтилиб, қилиниши лозим бўлган вазифалар белгиланди. Шу асосида “Айдар-Арнасой” кўллар тизимига туташ бўлган Фориш, Зафаробод ва Арнасой туманларида махсус профилактик тадбир уюштирилди.

Арнасой тумани Бахтли маҳалласи ҳудудида ҳаракатланаётган “Нива” ишчи гуруҳ томонидан тўхтатилган. Мирзо Бобур маҳалласида яшовчи 1952 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги ушбу автоуловни текшириш чоғида автомашина салонида 21 килограмм балиқ маҳсулотлари борлиги аниқланган. Ҳайдовчи ушбу балиқ маҳсулотларини “Айдар-Арнасой” кўлидан ноқонуний равишда олиб келаётганлиги учун тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган. Мавсум бошидан буён шу каби тадбирларда жами 286 килограмдан зиёд балиқ маҳсулотлари ҳужжатлаштириб олинган.

Шунингдек, Фориш тумани Истиқлол маҳалласида яшовчи 1980 йилда туғилган фуқаро ноқонуний “ҳужра” ташкил қилганлиги аниқланди ва қидирувда бўлган бир нафар шахс ушланди.

Тадбир давомида “Айдар-Арнасой” кўллар тизими сув ҳавзалари атрофидаги қўйлар отарлари, балиқчилик бригадалари, сув ҳавзалари яқин бўлган аҳоли пунктларида тарғиботлар қилинди.

Қисқаси мазкур тадбирда 9 та қайиқ, 68 та тўр, 45 дона қармоқ тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олиниб, 13 та транспорт воситалари жарима майдончаларига жойлаштирилган.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech