Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш режаси иш бермади
Жиззах шаҳрининг Қассоблик маҳалласидаги цех устаси Жиззах шаҳрининг Олмазор маҳалласида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришни ваъда қилади. Автомактабда ишловчи танишлари орқали 10-15 кунда рўйҳатга қўйдириб, ўқув машғулотларига қатнашмасдан “В” тоифадаги гувоҳнома учун 1 миллион 200 минг сўм пул талаб қилади.
Бу ҳақдаги мурожаат асосида вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлик бошқармаси Жиззах вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбирда уста ишхонаси олдида 1 миллион сўм пул, фуқаролик паспорти нусхаси ва 6 дона 3х4 ҳажмдаги фотосуъратларни олган вақтда қўлга олинди.
Олиб борилган терговга қадар текширув ишлари давомида пул ва фуқароликни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ҳамда расмлар автомактаб масъулларига берилиши ойдинлашди. Шу боисдан тезкор тадбир давом эттирилди ва ўқув маркази масъули паспорт нусхаси, 1 миллион сўм пул ва фотосуъратларни олаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан далилий ашёлар билан ушланди.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.