Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғ.Т.Қодировнинг 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам табриги
Жиззах вилояти ички ишлар
органлари тизимида фаолият юритаётган барча хотин-қизларни бугунги қутлуғ айём
билан чин дилдан қутлайман. Азиз ҳамкасблар, сиз меҳр нурингиз ила оила аталмиш
муқаддас қўрғонни чароғон этиш билан бирдек элнинг осойишталигини асрашдек эзгу
ишга ҳисса қўшаётганингиз барчамизда чексиз фахр ва ғурур уйғотади. Зеро қонунбузарликларнинг
олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашишда улкан матонат ва иродани тақозо
этади. Яъни, сизнинг фидокорона хизматингиз ҳар қанча таҳсинга лойиқ.
Шу ўринда, ҳурматли
Президентимизнинг “Хотин-қизлар ва оила
масаласи – бу нафақат бугунги кунимиз, балки эртанги келажагимизни ҳам белгилаб
берадиган ҳал қилувчи омилдир”, деган жумласини келтириб ўтмоқчиман.
Дарҳақиқат, сиз,
опа-сингиллар ёш авлодни улғайтириш, жамиятимизнинг
барча жабҳаларида жонкуярлик билан меҳнат қилиш орқали республикамиз
тараққиётида муҳим ўрин тутмоқдасиз.
Яна шуниси аниқки, хотин-қизларнинг,
хусусан, сафдошларимизнинг юрт равнақи ва эл фаровонлиги йўлидаги меҳнатлари
муносиб баҳоланмоқда. Жумладан, 2023 йилнинг
октябрида давлатимиз раҳбари фармони асосида ҳамкасбимиз, вилоят ички ишлар
бошқармаси экперт-криминалистика маркази бош эксперти, подполковник Алёна
Жумаева “Дўстлик” ордени, бугунги байрам арафасида эса Жиззах шаҳар ички
ишлар бошқармаси 2-сон ИИБ ҲПГ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори,
капитан Гулбаҳор Расулова “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланди.
Ушбу ҳамкасбларимиз каби
фидойи аёллар вилоят ички ишлар органларининг барча соҳавий хизматлари, ИИВ
Жиззах академик лицейи, вилоят ИИБ тиббиёт бўлими ва умуман тизим таркибидаги
бошқа муассасаларда кўплигига аминман.
Ўз навбатида, сизларга чуқур миннатдорчилигимни билдираман.
Умрингиз узоқ, соғлиғингиз
мустаҳкам, ҳаётингиз мазмунли бўлсин. Оилангизни бахт, омад ва файзу барака ҳеч
қачон тарк этмасин!