14 Декабр 2022 йил 1136

Алвон берет учун синовлар олинди

Фориш ҳарбий тоғ-дала полигонида ИИВ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядлари терма жамоалари ўртасида алвон берет кийиш ҳуқуқни бериш бўйича синовлар бўлиб ўтди. ИИ вазирининг шу йил 19 ноябрдаги фармойиши асосида ўтказилган имтиҳонда талабгорларнинг билимлари, жисмоний ва жанговар тайёргарликлари баҳоланди. Хусусан, тўсинда тортилиш, 100 ва 3 минг метрга югуриш, террорчилар жойлашган кўп қаватли уйларни ишғол қилиш ва хавфни бартараф этиш, гаровдагиларни қутқариш, шаҳар шароитида яширинган жиноятчиларни қидириб топиш ва зарарсизлантириш, қурол ва воситаларни самарали қўллаш, махсус, тиббий тайёргарликлари бўйича комплекс синовлар олинди. Шунингдек, 3 ҳафта давомида Туркия Жандармерияси махсус жамоат хавфсизлиги бош қўмондонлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган машғулотларда олган билимлари ҳам текширилди. Сўнгги босқичда талабгорлар 12 километрга югуриш давомида белгиланган тўсиқлардан, заҳарланиш ҳудудларидан ўтиш каби вазифаларни бажаришди. Бундан ташқари, автоматик қурол ҳамда тўпончадан яқин ва ўрта масофалардаги нишонларга ўқ отишиб, 4 раундлик қўл жангги мусобақларида беллашишди.

Таъкидлаш жоиз, алвон берет кийиш ҳуқуқини берши бўйича синовлар оммавий тартибсизликлар содир этган шахсни қўлга олиш, қуролланган жиноятчиларга қарши курашишда ходимларнинг ҳаракатланиш маҳоратини ва якка олишувларда жанговар малакасини ошириш ҳамда мустақил қарорлар қабул қилиш кўникмаларини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Мазкур синовларнинг биринчи босқичида ИИВ ТВБС батальон ва отрядлари кесимида 500 нафарга яқин ходимлар иштирок этишган. Уларнинг 60 нафардан зиёди Республика босқичда маҳоратларини намоён этишди.

Якунда ўтказилган тантанали тадбирда синовда қатнашган ҳар бир ходимнинг орттирган тажриба ва кўникмалари келгусида мамлакатимиз тинчлиги ҳамда осойишталигини таъминлашдаги хизмат фаолиятида аҳамиятли эканлиги таъкидланди. Ўз навбатида синовдан мувафақиятли ўтган ходимларга алвон берет топширилди. Шу билан бирга ўқув курси иштирокчилари сертификатлар, ташкилотчилар совғалар билан тақдирланди.

Text to speech