28 Март 2024 йил 3419

Ҳамкорликда профилактик тадбирлар ўтказилди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ЖХХ соҳавий хизматлари Ғаллаорол туманида ҳудудий ички ишлар бўлими шахсий таркиби билан биргаликда қонунбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашишга қаратилган қатор тадбирларни амалга оширдилар. Мазкур жараёнда асосий эътибор “қизил” тоифадаги маҳаллаларга қаратилди.

Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида серқатнов йўлларга фоторадарлар ўрнатилди. Жазони очиқда ўтаётганлар, муқаддам судланганлар, маъмурий назорат остидаги шахслар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. 20 га яқин ов милтиғига эга шахсларнинг қуролларни қандай сақлаётганликлари ўрганилди. Тадбирлар давомида профилактика инспекторлари фаолиятига оид иш ҳужжатларининг юритилиши ҳам текширилди.

Шу куни кечқурун “Хавфсиз тун” профилактик тадбирига жалб қилинган соҳа вакилларига вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Раҳматулла Бўриев топшириқлар берди. Сўнг аҳоли пунктларида патруллик ва назорат амалга оширилди. Бу жараёнда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган 7 нафар фуқарога жавобгарлик чоралари белгиланди. Кўп қаватли уйларнинг йўлакларида қаровсиз қолдирилган 39 та буюм эгаларига топширилди. Бундан ташқари, элликка яқин корхона ва ташкилотлар қоровулларининг тунги хизматни қандай олиб бораётганликлари текширилди.

 

 Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати


Text to speech