Ҳамкорликда ўқув курси ташкил этилди
Шу йилнинг 21 ноябрь ва 9 декабрь кунлари оралиғида Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги ҳарбий тоғ-дала полигонида ИИВ махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармасининг тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар батальон ва отрядлари ходимларининг 3 ҳафталик ўқув курслари ўтказилди. Туркия Жандармерияси махсус жамоат хавфсизлиги бош қўмондонлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур машғулотларда соҳа ходимларининг шаҳар шароитида қуролланган жиноятчиларни зарарсизлантиришга қаратилган операцияларни ташкил этиш ва ўтказишга доир кўникма ва малакалари оширилди.
Машғулотларнинг биринчи ҳафтасида соҳа вакилларига назарий билимлар берилди. Жумладан, фавқулодда ҳолатларда кўчалар, автотранспортлар, вокзал, аэропорт ҳамда кўп қаватли уйларда қуролланган жиноятчиларни қўлга олиш бўйича Туркия махсус кучлари томонидан қўлланиладиган услублар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, террорчилар жойлашган кўп қаватли уйларни ишғол этиш ва хавфни бартараф этиш, гаровдагиларни қутқариш, шаҳар шароитида яширинган жиноятчиларни қидириб топиш ва зарарсизлантириш, қурол ва воситаларни самарали қўллаш, махсус амалиётларни бошқариш ҳамда куч ишлатар тизимлар ҳамкорлигини таъминлаш каби масалалар эътиборда бўлди.
Ўқув курсининг 2- ҳафтасида назарий машғулотларда эгалланган билимлар амалиётда қўлланилди. Яъни ички ишлар органларининг тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар батальон ва отрядлари ходимлари ҳарбий тоғ-дала полигонидаги тўсиқлар йўлагидан ўтиш ва иншоотларни ишғол этишга оид салоҳиятларини оширдилар. 3- ҳафтада эса автоматик қурол, мерганлик милтиғи ҳамда тўпончадан яқин ва ўрта масофалардаги нишонларга ўқ отиш машқлари ўтказилди. Ҳарбий полигионда яратилган имкониятлар амалий машғулотларни воқеликка мос тарзда ташкил этиш имконини берди.
Ўқув курси якунида ўтказилган тантанали тадбирда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров сўзга чиқиб, машғулотларда фаоллик кўрсатганлиги учун тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар батальон ва отрядлар ходимлари ҳамда ўқув курсини ташкил этишда жонбозлик қилган хорижлик мутахассисларга миннатдорчилик билдирди. Ўз навбатида иштирокчиларга сертификатлар, ташкилотчиларга эса ташаккурномалар топширилди.