8 Май 2023 йил 781

Ана шундай сафдошимиз бор эди

Инсоннинг ҳаётдан кўз юмиши қайғули ҳодиса. Аммо яхши-ёмон кунларингда бирга бўлган сафдошингдан ажралиб қолсанг, юрагинг зирқираб кетади. Катта лейтенант Ҳасанхон Шукуруллаев йўл-улов ҳодисаси қурбони бўлганини эшитганимда анчагача ўзимга кела олмадим.

Қувноқ, самимий, бировнинг кўнглига озор беришдан чўчийдиган ходим эди. Одамлар билан тез тил топишар, ҳар қандай инсондан, жумладан гумонланувчи ёки айбланувчилардан ҳам ширин сўзини аямасди, қонун доирасида ёрдам берарди.

Жуссали бўлгани боисми, қонунбузарлар уни кўриши билан ўзини тутиб олар, аксинча йўл тутган тақдирларида ҳам касбдошимизнинг кучли қўлларидан қочиб қутула олмасдилар. Соҳани шу даражада яхши кўрардики, хизматимизнинг машаққатларини асло сезмасди, энг оғир вазиятларда масъулиятни зиммасига олар, айниқса кимгадир ёрдами тегаётганини билса, ғайрати жўшиб кетарди.

Қолаверса, дунёқараши кенг, динга оид билимлари ҳам чуқур эди. Профилактика инспектори сифатида нафақат қонунбузарликларнинг олдини олиш, балки эҳтиёжмандларга кўмак кўрсатиш борасида ҳам фаоллик кўрсатарди. Айниқса, коронавирус инфекцияси тарқалган кезларда кўпларга қўлидан келганча ёрдам қилди. Мазкур фазилатлари сабаб у фаолият юритган “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси Ҳасанхонни беҳад ҳурмат қиларди.

Биласизми, у Жиззах давлат педагогика институтининг хорижий тиллар факультетини тамомлаган, инглиз тилини яхши ўзлаштирганди. Аммо ички ишлар органлари ходими бўлишга астойдил интилди. Айни мақсадда ўзи яшаган Жиззах шаҳрининг Заргарлик маҳалласида профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси бўлиб ишга кирган.

Ёрдачиларнинг бир йиллик фаолияти таҳлил қилинганда у вилоят бўйича энг яхши кўрсаткичга эришгани маълум бўлди ва сержант унвонида Зарбдор тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси таянч пунктлари профилактика инспектори лавозимига хизматга қабул қилинди. Шундан сўнг елкама-елка ишлай бошладик. Ҳасанхонга ҳар қандай вазиятда суянса бўларди, шу боис ҳаммамиз уни қадрлардик.

Ундан бир фарзанд қолган, исми Меҳринисохон. Қизини эслаши билан чарчоғи тарқар, юзига табассум ёйиларди. Ота-онаси, рафиқаси ва жигарбанди ҳақида жон куйдиришларини кузатар эканмиз, оилапарварлигига қойил қолардик. Ҳа, ана шундай дўстимиз бор эди.

Ҳеч ёдимдан чиқмайди. 2022 йилнинг 1 октябрида у хизмат чоғида автоҳалокатга учради. Ўша воқеа арафасида ҳамкасбимизга катта лейтенант унвони берилганди. Бутун шахсий таркибимиз Ҳасанхон Шукуруллаевнинг ўлимини оғир қайғу билан қарши олди. Уни унутганимиз йўқ, оиласини тез-тез йўқлаб турамиз. 

 

Аббос ЎКТАМОВ,

Жиззах вилояти Зарбдор тумани ИИБ ЖХХ

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси

профилактика инспектори, катта лейтенант.

Text to speech