Аҳоли ўртасида профилактик тадбир ўтказилди
Телефон қўнғироғи орқали ўзини IT компания, хайрия ташкилоти ёки банк ходими дея таништириб, яширин кодларни алдов йўли билан қўлга киритиш орқали фуқароларнинг банк пластик картасидаги маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари кўпаймоқда. Шу каби қонунбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли ҳушёрлигини ошириш мақсадида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси томонидан профилактик тадбирлар ўтказилаяпти.
Шароф Рашидов туманидаги Қўшкўприк маҳалласида ўтган тадбирда туман ички ишлар бўлими, фавқулодда вазиятлар бўлими, соғлиқни сақлаш муассасасалари ва маҳалла фаоллари ҳар бир хонадонда тушунтириш ишларини олиб бориш, банк пластик карталарининг рақамлари ва яширин кодларини ҳеч ким бермаслик кераклигини етказишди. Одамлар гавжум жойларга банк палстик карта фирибгарларидан огоҳ этувчи кўргазмалар илиниб, флаерлар тарқатилди.
Таъкидлаш жоиз, банк пластик карталари бугун аксарият юртдошларимиз учун ишончли хамёнга айланди. Аксарият пайтларда савдо ушбу восита орқали амалга оширилаяпти. Электрон савдо дўконлари фаолияти ҳам сезиларли даражада кенгайиб бормоқда. Бироқ банк пластик каратадан фойдаланиш чоғида унинг яширин рақамини ҳеч кимга бермаслик лозим бўлсада, айрим ҳолларда бунга кўп ҳам аҳамият қаратилмайди. Айрим кимсалар ана шу вазиятдан фойдаланиб, фирибгарлик орқали осон даромад топиш пайида бўлаяпти. Мазкур профилактик тадбир давомида фуқароларга шу каби қонунбузарликлардан огоҳ бўлишлари лозимлиги тушунтирилди.
Бундан ташқари, табиий газдан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя қилиш ис газидан заҳарланишнинг олдини олишда муҳим эканлиги уқтирилди. Бу каби профилактик тадбирлар жойларда давом этмоқда.