Аҳолига коммунал тизимида кечаётган ислоҳотлар тўғрисида тушунчалар берилмоқда
Жиззах вилояти ички
ишлар бошқармаси мутасаддилари “қизил” тоифадаги маҳаллаларда бўлиб,
жиноятларни келтириб чиқарувчи сабаб ва омилларни бартараф этиш чораларини
кўрмоқдалар. Бу жараёнда янги иш ўринлари яратиш, ёшларнинг бўш вақтини
мазмунли ташкил қилиш, ички ишлар органларида ҳисобда турадиган шахслар билан
профилактик тадбирларни самарали ўтказиш, турли қонунбузарликларга қарши
тарғибот тадбирлари уюштириш, аҳолининг эҳтиёжманд қисмини қўллаб-қувватлаш
каби масалаларга диққат қаратилаётир.
Шу маънода маҳаллалар еттиликларининг
фаолияти таҳлил қилиниб, ижтимоий профилактика йўналишида амалга оширилган
тадбирлар сифати “хонадонбай” ўрганилмоқда. Яъни яратилган иш ўринлари, ўзини
ўзи банд қилганлар фаолияти, ажратилган имтиёзли кредитлардан фойдаланиш даражаси,
озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг сунъий равишда оширилишининг олдини олиш борасида
белгиланаётган чоралар натижадорлиги текширилмоқда.
Худди шундай, аҳоли билан ўтказилаётган
мулоқотларда республикамиз коммунал тизимида кечаётган ислоҳотлар, электр,
табиий газ ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича қилинаётган ишлар, соҳада
кутилаётган ўзгаришлар тўғрисида тушунчалар берилаётир.
Айтганча, вилоятда жиноятчиликни
жиловлашга қаратилган яна бир ташаббусга қўл урилди. Хусусан, Жиззах шаҳри ва Шароф
Рашидов туманидаги 24 та маҳалла 8 та микроҳудудга ажратилиб, ушбу
маҳаллаларнинг ҳар бирига қўшимча равишда 1 нафар профилактика инспектори ҳамда
4 нафар патруль-пост хизмати ходими жалб қилинди.
Ўз навбатида
мазкур ходимлар “яшил” тоифадаги маҳаллалар ҳамда жиноятчилик даражаси паст
бўлган патруллик йўналишларидан олинди. Табийки, “қизил” ва “сариқ” тоифадаги
маҳаллаларга қўшимча куч ва воситаларнинг жалб этилиши криминоген вазиятга
ижобий таъсир кўрсата бошлади.
Қолаверса, бошқа
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда “Хавфсиз тун” профилактик
тадбирлари ўтказилмоқда. Натижада ички ишлар органлари профилатика
инспекторлари ҳамда патруль-пост хизмати
ходимлари томонидан 580 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 2 та жиноят фош қилинган.
Бундан ташқари, 2 нафар қидирувдаги шахс ушланиб, 2 нафар бедарак йўқолган
фуқаро топилди. 237 кишидан турли тиғли буюмлар ҳужжатлаштириб олинган. Йўл-патруль
хизмати ходимлари эса бир кунлик рейд давомида ҳайдовчилар томонидан содир
қилинган 256 та ҳуқуқбузарликни аниқлашга муваффақ бўлдилар.
Шунингдек, қонунбузарликларнинг
олдини олиш мақсадида 227 та патруллик йўналишлари ташкил қилинди. Қисқаси, вилоятда “Хавфсиз маҳалла”
тамойили асосида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, қонунбузарликларнинг сабаб ва
омилларини бартараф қилиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашишга қаратилган тадбирлар
уюшқоқлик билан амалга оширилаётир.