21 Декабр 2021 йил 600

Ҳар бир фуқаро эътиборда

Барча инсонлар ҳам тақдир синовларига бардош бера олмайди. Оқибатда улар бор мол-мулкини кўкка совуриб, яқинлари эътибори ва ёрдамидан мосуво бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реаблитация қилиш марказларида шу каби шахслар маъмурий суднинг ажрими асосида маълум муддат сақланади.

Марказда уларга ҳуқуқий, ижтимоий, психлогик, тиббий ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилади. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реаблитация қилиш маркази томонидан бу борада қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 11 ойи давомида 211 нафар шахслар марказ қамровига олиниб, реаблитация қилинди.

Реаблитация қилиш марказига қабул қилинаётган шахсларнинг фотосурат ва бармоқ излари олинади, тиббий ҳамда шахсий кўрикдан ўтказилади. Шахсига аниқлик киритилгач доимий яшаш жойига юборилади ёки белгиланган тартибда махсус муассасаларга жойлаштирилади.

Кўрилаётган чоралар, олиб борилаётган ишлар боқувчисиз ва қаровчисиз қолган шахсларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатиш, асосийси ҳеч ким эътибор ва ғамхўрликлардан четда қолмаслигининг амалий ифодаси десак хато бўлмайди.

Text to speech