Арнасой, Янгиобод ва Бахмал туманлари ички ишлар бўлимларига янги раҳбар тайинланди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Жиззах вилоятининг 3 та туман ички ишлар бўлимларига янги раҳбарлар тайинланди. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ушбу туманлар шахсий таркиби билан учрашиб, уларга янги раҳбарларни таништирди.
Арнасой туманида ўтган таништирув тадбирида туман секторлар раҳбарлари ҳам иштирок этдилар. Бошқарма бошлиғи подполковник Умматқулов Рустам Убайдуллаевич Арнасой тумани ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимига тайинланганлигини маълум қилди. Р. Умматқулов тайинловга қадар Янгиобод тумани ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган.
Худди шундай, Янгиобод тумани ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимига тайинланган подполковник Сариқулов Музаффар Жониқулович шахсий таркибга таништирилди. М. Сариқулов ушбу лавозимга тайинлангунга қадар Арнасой тумани ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритди. Ушбу тадбирда ҳам туман секторлар раҳбарлари иштирок этдилар. Бошқарма бошлиғи ҳудудда жиноятчиликка қарши курашиш, унинг олдини олиш, 3- сектор ҳудудида аҳоли муаммолари билан ишлаш бўйича тегишли топшириқлар берди.
Бахмал тумани ички ишлар бўлими бошлиғи этиб подполковник Жалолов Аслиддин Муҳаммадиевич тайинланди. У бугунга қадар Мирзачўл тумани ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлади. Таништирув тадбирида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи янги раҳбарларнинг меҳнат фаолиятлари хусусида маълумот берди. Шунингдек, жойларда маҳаллабай, хонадонбай ишлаш, ҳудуддаги криминоген вазиятларни чуқур таҳлил этиб, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, фуқаролар хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлаш бўйича галдаги вазифаларни амалга ошириш юзасидан аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.