Арнасойда тадбиркорларга сайёр қабул ўтказилди
Арнасой туманида вилоят ҳокимлиги, ички ишлар бошқармаси, Жиззах вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ҳамкорлигида тадбиркорлар учун сайёр қабул ўтказди.
Айтиш жоиз, давлатимиз томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хусусий мулкнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган самарали чора-тадбирлар туфайли хусусий секторнинг мамлакатимиз иқтисодиётидаги ўрни ва роли ўсиб бормокда. Бироқ қулай шарт-шароитлар ҳамда имкониятлар мавжудлигига қарамай тадбиркорлик ривожига жиддий таъсир кўрсатаётган омиллар ҳам йўқ эмас.
Мазкур қабулда арнасойлик тадбиркорлар томонидан шундай муаммолар кўтарилиб, амалий ёрдам сўралди. Чунончи, савдо ва хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва ҳунармандлик йўналишларида фаолиятни янада кенгайтириш учун кредит таъминоти, шунингдек, коммунал хизмат кўрсатиш каби қатор соҳаларда дуч келинаётган масалаларга ечим изланди.
Тадбирда ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, уларни ҳал этиш юзасидан тегишлилиги бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Ижроси вақт талаб этиладиган масалалар назоратга олинди. Қисқаси, тадбиркорлар томонидан 13 та муаммонинг аксарияти жойида ечилди.
Қабул сўнггида туман иқтисодиётини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартиришдаги фаоллиги учун бир гуруҳ тадбиркорлар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати