2 Ноябр 2024 йил 7467

Шароф Рашидов туманида ички ишлар органлари турар-жой мажмуаси фойдаланишга топширилди

 


Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги “Куёвбоши” маҳалласида ички ишлар органлари ходимлари учун 56 та якка тартибдаги уй фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан уюштирилган тадбирда ИИВ фахрийлар кенгаши, марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, вилоят ташкилотлари масъуллари, фахрийлар ҳамда соҳа вакиллари иштирок этдилар.

Тантанали тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Эргаш Салиев, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ва бошқалар томонидан тизимда кечаётган ислоҳотлар, хусусан, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар тилга олинди. Жумладан, мазкур уйларнинг 17 тасининг бошланғич тўловлари ИИВ томонидан тўлаб берилгани маълум қилинди. Тадбир давомида хонадон соҳибларига турар жойлар калитлари тантанали равишда топширилди. Шунингдек, уларга телевизор ва китоблар жамланмалари совға қилинди. Ўз навбатида, қурувчиларга миннатдорчилик билдирилди.

Сўнг йиғилганлар хонадонларда яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар. Шу ўринда айтиш жоиз, уйлар ичимлик суви, электр энергияси ва табиий газ билан таъминланган ҳамда оқова тизимига уланган. Қолаверса, бу ерда ички ишлар ходимлари томонидан 280 туп мевали дарахтга эга боғ юзага келтирилди.

Бу ҳаммаси эмас, 2025 йил якунига қадар “Куёвбоши”да 48 та турар-жой, 150 ўринли мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 28 ўринли вилоят ички ишлар бошқармаси меҳмонхонасини бунёдга келтириш режалаштирилган.    

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech