Шароф Рашидов туманининг “Туёқли” маҳалласида ободонлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда
Шароф Рашидов туманининг “Туёқли” маҳалласида “Обод хонадон”, “Обод
кўча”, “Обод маҳалла” дастурлари асосида қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш
ишлари бошлаб юборилди. Ушбу маҳалла 3- секторда жойлашгани боис ички ишлар
органлари ходимлари мазкур эзгу тадбирда фаол иштирок этмоқдалар.
3 минг 850 киши истиқомат қиладиган “Туёқли”да замон талабларига мос
фуқаролар йиғини биносини юзага келтириш, кўчаларнинг 8 километрига асфальт, 2
километрига шағал ётқизиш режалаштирилган. Шунингдек, 1 та трансформатор ҳамда
50 та ёритгич ўрнатиш, 3 та электр трансформаторини таъмирлаш, 30 та эскирган
симёғочни янгилаш, 1 минг 300 метр узунликдаги электр симларни қопламалисига
алмаштириш, 1,3 километр узунликда ичимлик суви тармоғи тортиш, сув минораси
ҳамда 600 метр узунликдаги табиий газ тармоғини таъмирлаш кўзда тутилган.
Қолаверса, 38- сонли ўрта
умумтаълим мактаби жорий таъмирланиб, 2 километрлик пиёдалар йўлакчаси бунёдга
келтирилади. Турар жойларни бўяш, деворларни таъмирлаш ҳамда ариқларни тозалаш йўли
билан аҳоли пунктига кўркам қиёфа бахш этиш мўлжалланаяпти. Шу маънода ҳудудга
Шароф Рашидов туманидаги бир қатор ташкилотлардан 10 дан ортиқ текислаш, ортиш,
қазиш ҳамда юк ташиш техникалари ва 500 ишчи-ходим жалб қилинган. Туёқлини
баҳор янглиғ ўзгартираётганлар орасида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси
бошлиғи раҳбарлигидаги 150 зиёд соҳа вакиллари бор.