Қасддан одам ўлдириш билан боғлиқ жиноятлар муҳокамаси танқидий кўриб чиқилди
Зарбдор туманида юз берган қасддан одам ўлдириш билан боғлиқ содир этилган жиноятларнинг муҳокамасида вилоят прокурори, вилоят ИИБ бошлиғи, туман сектор раҳбарлари, мутасадди идораларнинг раҳбарлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Иш ҳолатларига кўра, 2021 йил 7 август куни Зарбдор туманида фуқаро Т.А укаси Ю.Т билан тумандаги дала шийпонларининг бирида спиртли ичимлик истеъмол қилиб, ака-ука ўртасида келиб чиққан ўзаро жанжал натижасида Ю.Т акаси Т.Ани ошхона пичоғи билан танасининг юз ва бошқа соҳаларига бир неча маротаба уриб тан жароҳати етказиши натижасида воқеа жойида вафот этган.
Шунингдек, 2021 йил 8 август куни Зарбдор туманидаги маҳаллаларнинг бирида яшовчи фуқаро А.Н қайниукаси А.С билан келиб чиққан ўзаро жанжал натижасида қайниукаси келинойиси А.Нни ошхона пичоғи билан танасининг турли қисмларига уриб тан жароҳати етказганлиги оқибатида вафот этган.
Ушбу ҳар икки ҳолатлар юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Йиғилишда, вилоят прокурори Исломжон Эргашходжаев томонидан ҳудудда жиноятчиликка қарши курашиш аҳволи, мазкур жиноятларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган шарт-шароитларга батафсил тўхталиб, хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаган ва масъулиятсизликка йўл қўйган масъулларга интизомий чоралар кўрилишини таъкидлади.
Шунингдек, жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан масъулларга аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.