Қатъий топшириқлар берилди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида ёшларга
бириктирилган прокуратура, ички ишлар органлари, миллий гвардия, фавқулодда
вазиятлар бошқармаси, божхона, мудофаа каби бир қатор тизимлар масъулларидан
иборат ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор
Ғайрат Қодиров раислигида ташкил этилган тадбирда ишчи гуруҳнинг ёшлар
муаммоларини ҳал қилиш борасидаги фаолияти таҳлил этилди.
Хусусан, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларнинг
бандлигини таъминлаш, эҳтиёжга кўра ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва психологик
ёрдам кўрсатиш борасида йўл қўйилган камчиликлар тилга олинди. Шунингдек,
вилоятда ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар шаҳар ва туманлар кесимида
таҳлил қилиниб, қонунбузарликларнинг олдини олиш ҳамда ёшлар билан ишлашга
масъул идораларнинг раҳбар ходимларига вазиятни ўнглаш юзасидан қатъий топшириқлар
берилди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, мазкур йўналишдаги ишлар республика
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 13 сентябрдаги “Уюшмаган ёшлар орасида
ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш ишларини ягона
ёндашув асосида ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида
бажарилмоқда.