Аёл – ҳаёт чароғбони
Жиззах вилояти ИИБда “Аёл – ҳаёт чароғбони” мавзуида навбатдаги маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Ҳамидулло Абдуллаев бошқарган тадбирда мавзу юзасидан Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ҳаёт Шодмон маъруза қилди. Нотиқ юртимизда хотин-қизларга яратилаётган имкониятлар, шарт-шароитлар хусусида сўз юритди. Шу билан таълим олиши учун берилган имтиёзлар, жамиятда олима аёллар улушини ошириш чоралари тилга олинди.
Маърифатда жорий йилнинг 19 январдаги ҳукумат қарори билан ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича бўлинмалари ҳузурида “Тўмарис издошлари” жамоавий гуруҳлари фаолияти ташкил этилгани айтилди. Хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини кучайтириш, уларнинг сиёсий ҳуқуқларини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли уларнинг жамиятдаги тутган ўрни юксалаётгани қайд этилди.
Тадбир давомида қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлар ходимларга етказилди. Шу билан бирга жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этиши зарурлиги таъкидланиб, анъанавий тарзда савол-жавоб ўтказилди.