Бахтли бўлишга ҳақим бор
Ёшликда кўрганим бадиий фильмдаги қаҳрамонлардан бири “Одам бу дунёга
бахтли бўлиш учун келади”, деганди. Эшитганимдаёқ ёқиб қолган бу фикр гўё мен
учун айтилгандек эди. Яъни, ҳаётим муаммосиз кечишига, иқболим тўлиқ бўлишига ишонардим.
Турмушга чиққанимдан сўнг бунга янада амин бўлдим. Чунки топиш-тутишида
камчилиги йўқ, уйли жойли, тоғни урса талқон қиладиган йигитнинг жуфтига
айлангандим.
Бирин-кетин икки фарзанд кўрдик, турмуш ўртоғим устачилик қиларди. Ҳовлимиз
каттагина бўлиб, яхшигина ҳосил берадиган токзоримиз бор. Шунга қарамай кўпроқ
пул топиш мақсадида хорижга ишлашга кетди. Бошида ойма-ой пул жўнатиб турди.
Кейин ҳаётимизни ағдар-тўнтар қилиб юборган воқеа юз берди. Иш жойида юз берган
жанжал оқибатида турмуш ўртоғим ногирон бўлиб қолганди.
Кўп ўтмай уни яқинларимиз олиб келишди. Энди меҳнат қилолмасди,
ногиронлик нафақаси тўғриладик. Баъзида ўйлаб қоламан, борига шукур қилиб
яшаганимизда бошимизга бу кулфатлар тушмасмиди? Бу ҳаммаси эмас экан. 2020
йилнинг 3 октябрида уйимизнинг бир қисми ёниб кетди. Ёмғирли кунларда томимизда
чакка ўтарди.
Жигарларимнинг ундови билан умид дунёсида бир неча ташкилотларга бориб
дардимни айтдим. Биров эшитди, бошқаси қулоқ ҳам тутмади. Пировардда
тушундимки, барчасини ўзим қилишим керак. Шу орада маҳалла фуқаролар
йиғинидагилар мени “Аёллар дафтари”га рўйхатга киритишди.
Орадан бир неча ой ўтгач, хотин-қизлар фаоли: “Солинда сайёр қабул
бўлади, у ерда сизга микротўлқинли печь топширилади”, деди. Борсам ҳали қабул
бошланмаган, мактаб зали саҳнасига “Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси
бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировнинг сайёр қабули” дея ёзилганди. Тадбир
аввалида мен каби бир нечта хотин-қизга печь топширдилар. Яна кимлардир ўт
ўрадиган ускуна, сув насоси сингари иш қуроллари олишди.
Кейин 3- сектор раҳбарининг аҳоли билан мулоқоти бошланди. Ғайрат
Қодиров истарали инсон бўлиб, одамларнинг муаммоларини ҳал қилишга чин дилдан
ҳаракат қилаётганди. Буни масъулларга бераётган топшириқларидан сездим. Шу боис
мен ҳам уйимни таъмирлашда ёрдам сўрадим.
Гапларимни тугатишим билан Ғайрат Тоирович турмуш ўртоғим нима иш
қилишини сўради, ногиронлиги, ишлай олмаслигини айтганимда, “Бўлди, ёрдам
берамиз”, деди. Орадан бир ой ўтди-ўтмади уйимда катта ҳашар бўлди. Гап-сўзларидан
келганларнинг қарийб ҳаммаси Ғаллаорол тумани ИИБ ходимлари эканлигини сездим.
Улар қурилиш материаллари ҳамда шифер қоқадиган ва эшик-дераза ўрнатадиган
усталар олиб келишганди.
Уйимизда икки кун ҳашар бўлди. Барака топгурлар томдаги ёнғин туфайли
зарарланган ёғочлар ҳамда 30-40 та шиферни янгилаб беришди. Айвон ва
тандирхонамиз сувалди. Шунингдек, уйимизнинг олд қисмига деразалар ўрнатилди.
Бундан ташқари 1 та эшик ва 2 та деразани алюминий профиллисига алмаштиришди.
Ҳовлимизнинг кириш қисмига шағал тўшалди, уйнинг олдида 20-25 метрлик бетон
йўлак қурилди.
Ғайрат Тоировичнинг ўзи ҳам келди, ҳашарчиларга катта қозонда тотини
унутиб бўлмайдиган ош пиширди. Очиғи, ички ишлар органлари ходимларининг кундалик
хизматларини қўйиб, менга ёрдам беришлари бутун қишлоғимиз аҳлини ҳайратга солди.
Шу боис уларни, айниқса, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғини дуо
қилишди.
Орадан бир неча ой ўтиб, аниқроғи, Мустақиллик куни арафасида Ғайрат
Тоирович яна уйимизга келди. Байрам совғалари бериб, улуғ сана билан қутлади.
Мен кўзларимда қувонч ёшлари билан миннатдорчилик билдирдим. Ҳозир уйимнинг
томидан чакка ўтмайди, меҳмон кутгудек шароитга эгамиз.
Айтганча, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи каби меҳри дарё, барчага яхшилик соғинадиган одамлар туфайли ҳаётга ёндашувим ўзгармаган: “Одам бу дунёга бахтли бўлиш учун келади”.
Дилноза МУҲАММАДИЕВА.
Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани
Жийдали қишлоқ фуқаролар йиғини.