Байрам билан қутланди
Шу йилнинг 3 мартида Зафаробод тумани Бирлик қишлоқ фуқаролар йиғини Аваз Ўтар кўчасида яшовчи Мария Абдураҳимова 100 ёшга кирди. Украинанинг Черкас вилояти Звенигород тумани Моринци қишлоғида туғилиб ўсган Мария Овсиенко Иккинчи жаҳон уруши бошланганда эндигина 16 ёшга тўлганди. Фашистлар Украинани ишғол қилганларидан сўнг, аниқроғи 1942 йилда минглаб инсонлар қаторида Мария ҳам Германиядаги концентрацион лагерлардан бирига олиб кетилди.
У уруш тугагандан кейингина уйига қайтишга муваффақ бўлди. Қишлоғида иш топа олмагач, Киевдаги заводга жойлашади. Шу ерда Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманидан Украинага ҳарбий хизматга чақирилган Карим Абдураҳимов билан танишади ва улар оила қурадилар. Кўп ўтмай Абдураҳимовлар Пайариққа қайтиб, ҳудуддаги чорвачилик фермасига ишга киришади.
Мирзачўл ўзлаштирила бошлангач, Жиззах вилояти Пахтакор тумани Боғишамол маҳалла фуқаролар йиғинига келиб жойлашадилар. Бу ерда Карим Абдураҳимов пахтачилик хўжалигида, Мария эса қурилиш корхонасида сувоқчи ва бўёқчи бўлиб фаолият кўрсатади. Аёл пенсияга чиққандан кейин ҳам 10 йил давомида почтачи бўлиб ишлади. Турмуш ўртоғи вафот этгач, бор куч-ғайратини 6 фарзандини ҳеч кимдан кам қилмай улғайтиришга йўналтирди.
Шу маънода уни ҳурмат қилишади, тез-тез йўқлаб турадилар. Айниқса, Хотира ва қадрлаш байрами нишонланадиган кунларда Мария момонинг турар жойи тантанавор кўриниш олади. Чунончи, республикамиз Президентининг жорий йил 2 майдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони асосида жамоатчилик вакиллари, ҳарбийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари байрам билан қутладилар.
Мазкур жараёнда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Мария момога Президентимизнинг қутлуғ айём муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди ва мамлакатимиз раҳбарининг совғалари ҳамда 18 миллион сўм пул мукофотини топширди.