Байрам кўнгилдагидек ўтсин
Жиззах вилояти ИИО ходимлари томонидан Янги йил байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида жамоат тартибини сақлаш ҳамда хавфсизликни таъминлаш чораларини кўришмоқда. Вилоят ИИБ ЖХХ бошлиғи, подполковник Раҳматулла Бўриев раҳбарлигида Жиззах шаҳар марказий ҳамда эски шаҳар деҳқон бозорларида айни масалага қаратилган йиғилиш ўтказилди. Тадбирда ички ишлар органлари, миллий гвардия ҳамда фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимларининг вазифалари хусусида сўз борди. Аҳоли гавжум жойлар, хусусан бозорлар, савдо ва кўнгилочар марказлар, Мустақиллик майдонига ўрнатилган Янги йил арчаси атрофида жамоат тартибини сақлаш, хавфсизлик ва фуқаролар осойишталигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, ёнғин ва йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича қилинадиган ишлар тушунтирилди. Хизматга жалб этилган ходимлар хушёрлик ва зийраклик билан вазифаларини бажаришлари, фуқаролар билан мулоқотда хушмуомалада бўлиш лозимлиги уқтирилди.
Дарҳақиқат, бозорларда байрам олди савдо авжига чиққан. Бу жараёнда истеъмолчиларни сифатли қишлоқ хўжалиги, гўшт, балиқ, мева, нон ва нон маҳсулотлари билан таъминлаш долзарб масала саналади. Шу маънода вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимлари ветеринария-санитария экспертиза лабораторияси ветеринария врачлари билан биргаликда савдога чиқарилган гўшт, парранда ва балиқ маҳсулотларининг истеъмолга яроқлилиги ўрганилиб борилаётир. Шу билан бирга тадбиркорлар ўртасида тарғиботлар қилиниб, ветеринария-санитария талабларига риоя қилиш лозимлиги тушунтирилаяпти.
Шунингдек, тезда бузилувчи озиқ-овқат, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар савдоси билан шуғулланувчи юртдошларимиз билан ҳам доимий профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, ички ишлар ўрганлари ходимлари бозорлар ҳудудида турли кўринишдаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида фуқаролар огоҳликка чақирилиб, жамоат тартибини сақлаш чораси кўрилаяпти. Қисқаси, соҳа ходимлари байрамнинг кўнгилдагидек ўтиши учун куну тун хизмат қилишаётир.