Байрам муносиб нишонланди
Ўзбекистон Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Жиззах вилояти ИИБда тантанали тадбир ўтказилди.
Тадбирда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров барчани байрам билан қутлади. Бошқарма бошлиғи ўз сўзида мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон Республикаси суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир, замонавий қурол ва техникалар билан таъминланган Миллий армиямиз вужудга келганлигини таъкидлади. “Халқ ва армия – бир тану бир жондир” деган эзгу тамойил ўз натижасини бериб, Қуролли кучларимиз ҳар қандай хавф-хатарга муносиб зарба бера оладиган қудратли, тезкор ва самарали кучга айлангани қайд этилди.
Қуролли Кучларимизнинг муҳим асоси бўлган ички ишлар органлари тизими ҳам изчил такомиллашиб, соҳа вакилларининг бор салоҳияти ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш ва фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялашга қаратилган. Тантанада ҳаётимизнинг барча жабҳаларини қамраб олаётган бундай жадал ўзгаришлар ички ишлар органлари тизимининг янги имиджини яратиш, халқ орасидаги обрў-эътибори, ёшларимиз қалбида Ватан ҳимоячисидек олийжаноб касбга ҳурмат-эҳтиром ҳиссини янада кучайтириши тилга олинди.
Байрам тадбирида ватанимиз тинчлиги ва эл-юрт осойишталигини таъминлаш йўлидаги кўп йиллик фидокорона хизматлари, жиноятчиликка қарши кураш ва унинг олдини олиш борасидаги самарали меҳнатлари, ўз хизмат бурчини бажариш чоғида кўрсатган мардлик ва жасорати, кадрлар тайёрлаш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муҳим ҳиссаси ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ички ишлар вазирининг буйруғи асосида тақдирланган ходимларга “Аъло хизматлари учун”, биринчи, иккинчи ва учинчи даражали “Бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқ ҳамда совғалар топширилди.
Бундан ташқари, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларни фош этишда хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндошиб, ижобий натижаларга эришиб келаётган ходимлар вилоят ички ишлар бошқармасининг фахрий ёрлиқ ҳамда мукофотлар билан тақдирланишди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати