8 Ноябр 2021 йил 756

Байрам тантанали равишда нишонланди

Мамлакатимизда ички ишлар органлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда 25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида тантанали йиғилиш уюштирилди. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси, ҳудудий ички ишлар бўлимлари, соҳавий хизматлар вакиллари, фахрийлар, ҳокимлик, мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тизимлар масъуллари иштирокида ўтган тадбир аввалида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев сўзга чиқиб, республикамиз Президентининг ички ишлар органлари ходимларига йўллаган байрам табригини ўқиб, эшиттирди.

Сўнг Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Ички ишлар вазирининг байрам табригини ўқиб, йиғилганларни қутлуғ сана билан муборакбод этди. Тадбир давомида республикамиз Президентининг жорий йил 24 октябрдаги “Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига асосан давлат мукофотларига сазовор бўлганлар қутланди.    Бундан ташқари Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи асосида Жиззах вилояти ИИБ тизимида фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ ходимлар I, II, III даражали “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун”, “Аъло хизматлари учун”, “Тезкор хизматнинг аълочиси” кўкрак нишонлари, Ички ишлар вазирлигининг эсдалик қўл соатлари ва бошқа қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Яна бир қанча офицерларга навбатдаги майор, подполковник ҳамда полковник махсус унвонлари топширилди. Худди шундай, ўнга яқин соҳа фахрийлари “Ички ишлар органларининг фахрий ходими” кўкрак нишонлари ҳамда вазирлик фахрий ёрлиқларига эга бўлишди.

Тадбирда  Жиззах вилояти прокурори Исломжон Эргашходжаев, Жиззах гарнизони бошлиғи, полковник Жамшид Расулов ички ишлар органлари ходимларини байрам қутлаб, соҳа фаолларига кўкрак нишонлари ва эсдалик совғалари топширдилар. Чунончи, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг тегишли буйруғи асосида “Намунали хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Йиғилишда ички ишлар органларининг энг яхши ходимларини аниқлаш бўйича ўтказилган кўрик-танловнинг вилоят босқичи ғолиблари ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи кубоги учун ўтказилган мини футбол ва 3 минг метрга югуриш мусобақалари ғолиблари диплом, эсдалик совғалари ва пул мукофотлари билан рағбатлантирилди.

 

Text to speech