13 Июн 2023 йил 620

Барча шароитга эга марказ фаолият бошлади

Жиззах вилояти ИИБ ички ишлар органларига номзодларни қабул қилиш марказнинг очилиши маросимида соҳа ходимлари, ИИВ Жиззах академик лицейида ўқиш истагида бўлган номзодлар, уларнинг ота-оналари иштирок этишди. Тадбирда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ички ишлар тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида тўхталди. Нотиқ ўз сўзида соҳада хизмат қилишни мақсад қилган номзодларни қабул қилишда шаффофликни таъминлаш, ўқувчиларнинг таълим олишлари учун қулайлик яратилганини қайд этди.

Тадбир давомида рамзий боғич кесилиб, вилоят ИИБ бошлиғи ота-оналар ва масъуллар билан биргаликда марказдаги шароитлар билан танишди.

Қайд этиш жоиз, мамлакатимиз раҳбарининг жорий йил 20 январдаги “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида вилоят ички ишлар бошқармаси қошида мазкур марказ фаолияти йўлга қўйилди. Унда синовларни топшириш жараёнида шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, комиссия аъзолари номзодлар тайёргарлиги, ота-оналар эса фарзандларининг синовларни топшириш жараёнларини бевосита онлайн тарзда кузатиб боришиди.

Мазкур марказда ИИОда хизмат қилишни мақсад қилган номзодлар ҳамда соҳа вакилларидан синовлар олиш, ходимларнинг касбий ва жанговар тайёргарликларини ошириб бориш ҳам кўзда тутилган. Шу маънода вилоят ИИБ ММИ ва КБТХ касбий тайёргарлик бўлимининг шу ерда фаолият кўрсатиши йўлга қўйилди. Эндиликда бир вақтнинг ўзида 20 киши компьютерларда тест синовларини топширишлари мумкин.

Бундан ташқари 24 ўринли кузатув хонасида сайёр ўқув йиғинлари ташкил этиш ҳам режа қилинган. Замонавий интерактив доска ёрдамида эса жанговар қуроллар, уларнинг техник ва тактик хусусиятлари, ўқ отар қуролларни виртуал тарзда тўлиқсиз қисмларга ажратиш, йиғиш каби назарий билимлар ҳам берилади. Кейинчалик электрон тир отиш қурилмасини ҳам ишга тушириш кўзда тутилган.

Марказ биносининг тантанали очилиш маросимидан сўнг комиссия аъзолари ИИВ Жиззах академик лицейида ўқиш истагида бўлган номзодлар билан якуний суҳбат ўтказишди. Маълум қилинишича, жорий йилда вилоятимиздаги ўрта умумтаълим мактабларининг 9-синфини тамомлаган ўқувчиларнинг 1 минг 800 га яқини билим юртида ўқиш истагини билдирган. Уларнинг якка тартибдаги суҳбат, психологик тест ва тиббий кўрикдан ўтган 816 нафари махсус профессионал танловда билимларини намойиш этишмоқда.

Text to speech