Байрам муносиб нишонланди
25 октябрь - Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” мажмуасида вилоят ИИБ, ҳудудий ички ишлар бошқарма ва бўлимлари ҳамда соҳавий хизматларнинг раҳбар ва ходимлари иштирокида байрам тадбири ўтказилди. Тантана аввалида ички ишлар органлари ходимларининг шарафли ва машаққатли хизматлари эътироф этилди.
Хусусан, мамлакатимиз раҳбарининг шу йил 25 октябрдаги “25 октябрь - Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармони асосида Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ йўл-патруль хизмати инспектори, Қурбонали Арипов “Жасорат” медали, шунингдек, бир гуруҳ раҳбар ва ходимлар Ички ишлар вазирининг жорий йил 23 октябрдаги буйруғи асосида “Тезкор хизматнинг аълочиси”, “Аъло хизматлари учун”, “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик қўл соатлари билан тақдирлангани эълон қилинди. Бинобарин, Ички ишлар вазири буйруғига биноан вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров “Тезкор хизматнинг аълочиси” нишони билан мукофотлангани билдирилди.
Байрамда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев сўзга чиқиб, жамоат хавфсизлиги ва осойишталик посбонларини мазкур сана билан қутлади ва бир қатор соҳа вакилларига ҳокимлик совғаларини топширди. Яна бир қанча фаол ходимлар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, вилоят прокуратураси каби тизим ва идораларининг кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқ ва совғаларини қабул қилиб олдилар. Худди шундай соҳа фахрийлари ва хизмат даврида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари совғалар берилди.
Тадбирда вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировга Халқаро полиция ассоциацияси вакиллари томонидан ассоциация медали ва нишони ҳам топширилди. Маълумот ўрнида айтиш керак, мазкур мукофот билан халқаро полиция фаолиятига кўмак берганлар тақдирланади. Тантанага пойтахт ва вилоят санъаткорларининг концерт дастури ўзига хос шукуҳ бағишлади.