Беллашув шиддитли кечди
ИИВ Динамо ЖТСТ Жиззах вилоят кенгаши томонидан Жиззах шаҳридаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида спортнинг стол теннис тури бўйича мусобақа ўтказилди. Вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ўртасида ташкил этилган беллашув очилишида сўзга чиққанлар спорт тадбирларининг аҳамияти хусусида тўхталиб, иштирокчиларга омад тилашди. Шу билан бирга беллашув тартиблари тушунтирилди.
Жиззах вилояти ИИБ соҳавий хизматлари ҳамда ҳудудий бўлимлари, ДХХ вилоят бошқармаси, божона, миллий гвардия, ҳарбий қисмлар ҳарбий хизматчилари беллашувда ғолиблик учун астойдил кураш олиб боришди. Яккалик ва жуфтлик баҳсларида қатнашчилар ғолиблик учун куч ва маҳоратларини, эпчиллик ва зийракликларини намойиш этишди.
Мазкур мусобақадан кўзланган мақсад спортнинг стол теннис турини оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг жисмоний фаоллигини ошириш орқали саломатликларини мустаҳкамлашга қаратилган. Шунингдек, совриндор спортчилар ва жамоалар таркибидан вилоят ва Республика миқёсида ўтказиладиган спорт тадбирларида иштирок этадиган ходимларни саралаш кўзда тутилган.
Ички ишлар вазирлиги Динамо жисмоний тарбия ва спорт жамияти Жиззах вилоят Кенгашининг режаси асосида уюштирилган мусобақа қизғин учрашувларга бой бўлди.
Мусобақа якунида ғолиблар диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланишди. Шунингдек, ҳакамлар ҳам муносиб рағбатлантирилди.