Билим ва кўникмалар оширилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 20 январь кунги “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Шароф Рашидов туманидаги ҳарбий қисмда ўқув йиғини ташкил этилди.
Жиззах вилояти ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл-патруль ва патруль-пост хизмати бўлинмалари ходимлари иштирокидаги ўқув давомида ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси талаблари тўлиқ тушунтирилаяпти.
Бундан ташқари юзага келган стрессли вазиятларда ўз-ўзини бошқаришнинг психологик омиллари, ходимнинг фуқаро ва қонунбузарлик содир этган шахс билан мулоқоти чоғида ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашда гуруҳлар билан юзага келадиган муаммоли вазиятларда ўзини бошқариш бўйича машғулотлар ўтилаётир. Шу билан бирга фуқаролар билан муомала қилишда ахлоқий сифатларни ва умумий маданиятни оширишга қаратилган маданий тадбирлар, соҳа фахрийлари, жамоат арбоблари ва зиёлилар билан учрашувлар ҳам ташкил қилинмоқда.
Йиғинда иштирокчиларнинг касбий, жанговар ва жисмоний тайёргарлигини оширишга ҳам диққат қилинмоқда. Шу маънода махсус техник воситаларни қўллаш, ўқотар қуроллардан фойдаланиш, уларнинг техник ва тактик хусусиятлари бўйича билимлари оширилиб, махсус-тактик машғулотлар ҳам уюштирилаяпти.
Таъкидлаш жоиз, мазкур ўқув йиғинлари бир ҳафта давом этиб, якунда ходимлардан синовлар қабул қилинади. Бугунга қадар шу каби 3 та ўқув йиғинлари ўтказилди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати